7 ноябрь куни ташкил этилган коррупция масалаларига оид идоралараро йиғилишда сўнгги икки йилда Транспорт вазирлиги ва соҳадаги корхоналар ходимларидан 57 нафари коррупциявий жиноятларга қўл ургани маълум қилинди. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳасига дахлдор вазирлик ва идораларнинг 391 нафар ходимлари турли кўринишдаги жиноятларни содир этгани маълум қилинди.

Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевнинг ахборотига мувофиқ, тизимда йўл қурилиши учун ажратилган бюджет маблағларини талон-торож қилиш, йўловчи ва юк ташиш хизматидан тушган пулларни ўзлаштириш билан боғлиқ жиноятлар содир этилмоқда.

«Каттақўрғон туман йўллардан фойдаланиш» корхонаси директори Р. бош ҳисобчи Ш. ҳамда муқаддам шу корхонада содир этган қатор жиноятлари учун судланиб, корхонада фаолиятини яна давом эттириб келаётган жиноий шериклари билан тил бириктириб, умуман таъмир кўрмаган 20 та йўлни таъмирдан чиқарганликлари ҳақида қалбаки ҳужжатларни тузиб, 2,4 миллиард сўм бюджет маблағларини ўмарган», — деди Йўлдошев.

Йиғилишда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги вазирлик ва идораларда ҳанузгача турли қонун бузилишлар, суиистеъмолчиликларга барҳам берилмаётганлиги ҳам танқид остига олинди.

«Янгийўл тумани қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Ю. «Валиев Инвест барака» фермер хўжалиги раҳбари В. билан тил бириктириб, фермер хўжалигининг 30 сотих ер майдонини сохта кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш орқали 38.400 долларга сотиб юборган. Қишлоқ хўжалиги соҳасининг ривожи, аввало, ер майдонларидан оқилона ва самарали фойдаланиш билан чамбарчас боғлиқ.

Айрим раҳбарлар томонидан ерлардан хўжасизларча ва ноқонуний фойдаланиш ҳолатларига йўл қўйилаётганлиги таъкидланди. Хусусан, ер майдонларини хатловдан ўтказиш жараёнида республика бўйича 967 та ҳолатда 34 минг 822 гектар ер майдони қонунга зид ажратиб берилган. Ер ажратиш ва ундан фойдаланишда коррупция, таниш-билишчилик, ошна-оғайнигарчилик ҳолатлари мавжудлиги қайд этилди», — дея маълумот берди бош прокурор.

Таъкидланишича, Бухоро вилоятида қисқа муддатда ўтказилган ўрганишларда 21 минг 493 гектар ерни ноқонуний муомалага қаратиш билан боғлиқ қонунга зид қарорлар қабул қилинган. Мисол учун, Жондор туман ҳокими 2020 йил 16 майдаги қарори билан ўринбосарининг яқин қариндошига 100 гектар ер майдонини чорвачилик йўналишида, гарчи етарли чорваси бўлмасада, ноқонуний ажратиб берган.

Ер ажратиш жараёнларида коррупциявий жиноятлари учун сўнгги икки йилда ҳокимликларнинг 22 нафар масъул ходимлари жавобгарликка тортилган. Хусусан, Арнасой туман ҳокимининг ўринбосари С. «Оққуш ҳалол парранда» жамияти раҳбари Ж.га 10 гектар ер ажратиб бериш эвазига 13 минг доллар талаб қилиб, 2 минг доллар олганида қўлга тушган.