Абдураҳмон Бахтиев журналистлар билан ўтган анжуманда пойтахтдаги йўл бўйи пулли автотураргоҳлар учун энди қўшимча алоҳида тендерлар ўтказилишини маълум қилди. Бунда Тошкент шаҳридаги 100-200 та жой танлаб олиниши мумкин. Уларнинг ҳар бири алоҳида лотларга ажратилади. Ҳокимият расмийлари “кейинги босқич аукционларни шаффоф кузатиб бориш имконияти борлигини” айтмоқда. Шунингдек, тадбирда нархлар ва қонунчиликда мавжуд бўлмаган жарима масаласига ҳам тўхталиб ўтилди.
Ўтган йили май ойидан Тошкент шаҳрининг 86 та кўчасига йўл бўйи пулли автотураргоҳлар ташкил қилинди. Унинг ижроси учун ҳозирда устун музокара кучига эга деб эътироф этилган Streetpark Systems МЧЖ танлаб олинган.
Айни кунларда паркоматлар ижтимоий объектларнинг ёнида ҳам мавжуд экани, нархлар 15,5 фоизга оширилгани кўплаб эътирозларни келтириб чиқармоқда. 12 март куни Тошкент шаҳар ҳокимияти биносида ўтган матбуот анжуманида ҳоким ўринбосари Абдураҳмон Бахтиев айни масала юзасидан расмийларга ҳам мурожаат бўлганини айтди.
“Пойтахт паркинг [лойиҳа эгаси]ни чақирдик. Айнан гематология институти, ўша касалхонанинг ёнидаги парковкалар бўйича ҳозир чуқур ўрганиш олиб борилмоқда. Лекин бир нарсани айтишимиз керакки, умумий парковкалар, парковкалар бўйича сиёсат нимага бунақа қилинади? Бу фақат бизнинг Тошкент шаҳрида эмас, бутун ривожланган шаҳарларда пулли парковкалар ишламоқда. Жамоат транспортига одамни жалб қилиш, одамга жамоат транспортида юргин деган ишора билан боришимиз учун биз шахсий автомобилдаги ҳаракатни, ундан фойдаланишни, ҳозир қўпол бўлиши мумкин-у, қимматроқ қилишимиз керак.
Бошқа давлатлардан келган меҳмонлар таксида юрганимда пул тўланганини сезмадим дейди. Дейлик, бизда шу даражада шахсий автомобилда юриш нархи пастки, бу ҳатто таксида ҳам сезилади. Бу нимага олиб боради? Бу тирбандликка, машиналарнинг сони шаҳарда кўпайишига олиб боради. Лекин биз бир тарафлама, фақат шу парковка нархини ошириб ёки шу тизимни юритиш тарафдори эмасмиз. Параллел равишда шу жамоат транспортини ривожлантириш тўғрисида стратегиямиз бор. Кундан кунга бизда жамоат транспортида одамлар сони ҳам кўпаймоқда, қулайликларимиз ҳам яратилмоқда. Мисол учун, бу йилнинг ўзида яна қўшимча жуда катта миқдорда янги автобусларни қўшиб олиб келиш ва янги маршрутларни қўйиш бўйича режаларимиз ҳам бор”









