Жамият | 16:56 / 10.11.2020
53593
3 дақиқада ўқилади

Мутахассис жигарни ёғ босиши сабаблари ҳақида маълумот берди

Мутахассиснинг сўзларига кўра, антибиотикларни узоқ вақт, асоссиз ва тартибсиз ичиш жигарда токсик гепатитни келтириб чиқаради.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати Вирусология илмий текшириш институти директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Эркин Мусабоев билан гепатологиянинг долзарб масалалари, жигар касалликларининг олдини олиш хусусида суҳбат уюштирди.

– Ультратовуш текширувида (УТТ) жигар касалликларини аниқлаш мумкинми?

– Йўқ, УТТ орқали жигар касалликларини чақирувчи омилни билиш мумкин эмас. Жигар касалликлари асосан вируслар туфайли келиб чиқади. Вирусларни аниқлаш учун лаборатория текширувларини ўтказиш, ИФА усулида, мусбат натижа аниқланганда, кейинги текширув, яъни полимер занжирли реакция усулида қонни таҳлил этиш лозим.

Ҳозирда барча туман ва шаҳарлардаги кўп тармоқли марказий поликлиникалар бундай таҳлилларни ўтказадиган ИФА анализаторлар билан жиҳозланган. Кейинги текширувлар эса вилоят юқумли касалликлар шифохонаси ҳузурида ташкил этилган гепатологик марказларда олиб борилади. Бизнинг институтимиз ҳам бу борада диагностика соҳасида қўлланиладиган юқори технологиялар билан жиҳозланган.

– Жигарни ёғ босишининг сабаби нима, бу касаллик қандай даволанади?

– Бу касаллик тиббиётда ёғли гепатоз дейилади. Асосан нотўғри овқатланиш, кам ҳаракат туфайли юзага келган семизлик натижасида жигарни ёғ қоплайди. Шунингдек, қандли диабет, айрим гормонал алмашинувининг бузилишларида ҳам бу муаммо юзага келиши мумкин.

Шу боис бемор чуқур текширувдан ўтказилиб, шифокор тавсияларига риоя этиши керак. Акс ҳолда, ёғли гепатоз ривожланиб жигарни яллиғлантириши мумкин. Шу сабабли касалликни даволаш учун бемор биринчи навбатда турмуш тарзини ўзгартириши, яъни ёғли таомлардан воз кечиб, микронутриентлар ва фойдали моддаларга бой озуқалар, мева-сабзавотларни кўпроқ истеъмол қилиши керак.

– Антибиотик дориларни ўз билганича, тартибсиз ичиш жигарда қандай асорат қолдиради?

– Антибиотикларни узоқ вақт, асоссиз ва тартибсиз ичиш жигарда токсик гепатитни келтириб чиқаради. Беморнинг жигар фаолияти бузилади, ҳолсизланади, ферментлар сони ошади, иштаҳа йўқолади. Бу дарддан қутулиш учун жигар ҳужайралари тиклангунча шифокор назорати остида даволаниш, парҳезга амал қилиш талаб этилади.

– Жигарда муаммо бўлмаслиги учун қандай қоидаларни тавсия қиласиз?

– Бунинг йўли оддий, аввало, шахсий гигиенага қатъий риоя қилиш, кун тартибини тўғри ташкил этиш, ўз вақтида дам олиш, мева ва сабзавотларни кўпроқ истеъмол қилиш, ёғли озуқалардан тийилиш, оналар болаларига ўз қўллари билан парҳез ва шифобахш таомлар пишириб бериши, болаларга тез тайёр бўлувчи фастфуд овқатлар бермаслик, газли сувлар ичирмаслик ва ҳамиша жисмоний ҳаракатда бўлиш, болаларни «Гепатит А»га эмлатиш, катталар врач кўригидан ўтиб, «Гепатит В»га эмланиши мақсадга мувофиқ бўларди.

Юқоридагиларга амал қилиш соғлом ва узоқ умр кўриш гаровидир.

Мавзуга оид