Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Спиртли ичимликлар ичакдаги ҳимоя тизимини издан чиқариб, жигар табиий мудофаасини заифлаштиради – янги тадқиқот
Маълум бўлишича, алкогол ичакдаги иммун сигнализация тизимини “ўчириб қўяди”, натижада бактериялар ҳеч қандай тўсиқсиз жигарга ўтиб, мазкур аъзода яллиғланиш ҳамда ёғ тўпланиш жараёнини юзага келтиради.
Спиртли ичимликлар – инсон организмига энг кўп зарар етказадиган воситалардан бири. Унинг таъсири энг аввало жигарни зарарлайди. Чунки жигар спиртни қайта ишлашга масъул асосий орган ҳисобланади.
Статистикага кўра, 2000–2021 йилларда бутун дунёда алкоголга боғлиқ жигар касалликларидан юзага келган ўлимлар сони 32,6 фоизга, жигар саратони юзага келиш ҳолатлари 94 фоизга ошган. Шунга қарамай, узоқ вақт давомида олимлар спиртли ичимликлар таъсирида организмда юзага келадиган касалликларнинг асл механизмини тўлиқ тушунтириб бера олмаган, уларни самарали даволаш усули ҳам топилмаган эди.
Калифорния университети изланувчилари спиртли ичимликларни мунтазам қабул қилувчи беморларнинг ичак фаолиятини ўрганди. Маълум бўлишича, ичакда М4 деб аталадиган махсус рецептор бор. У аслида “чегара пости” вазифасини бажаради: бактерияларни назоратдан ўтказиб, фақат зарарсиз бўлакларини иммун тизимига тақдим этади, яъни бу жараёнда микроблар гўёки “ҳужжат текшируви”дан ўтади.
Алкогол истеъмол қилинганда эса бу рецептор фаолияти тўхтаб қолади. Натижада ичакдаги назорат тизими бутунлай бузилиб, бактериялар тўсиқсиз чиқиб кетади ва тўғридан тўғри жигарга боради. Бунинг таъсирида органда яллиғланиш жараёни бошланади. Оддий қилиб айтганда, алкогол зарарли бактериялар учун жигарга бевосита йўл очиб беради.
Мазкур хулоса нафақат беморлар мисолида, балки лаборатория тажрибаларида ҳам тасдиқланди. Ўтказилган амалий тадқиқотларда узоқ муддат давомида спиртли ичимлик берилган сичқонларда М4 рецепторининг фаоллиги пасайиши кузатилган. Оқибатда ичакдаги “чегара назорати” ишдан чиққан, зарарли бактериялар жигарда тўпланган ва яллиғланишни қўзғатган, бунга қўшимча равишда жигар ҳужайраларида ёғ йиғилиши (стеатоз) пайдо бўлган. Олимлар ушбу ҳолатларнинг алкоголга боғлиқ жигар касаллигига хос белгилар эканини тасдиқлаган.
Шунингдек, тадқиқотчилар тажриба мобайнида спиртли ичимлик таъсирида ишдан чиққан М4 рецепторини қайта ишга тушириш мумкинлигини ҳам аниқлади. Улар бунинг учун организмдаги бошқа сигнал тизимидан фойдаланди. Натижада:
- Ичакдаги назорат тизими яна ишлай бошлади – бактериялар энди бемалол ўтолмайди;
- “Ҳужжат текшируви” қайта тикланди – зарарли микроблар тўсқинликсиз жигарга киролмайди;
- Жигар бактериялар ҳужумидан ҳимояланди – яллиғланиш камайди, тикланиш жараёни тезлашди.
Яқин келажада М4 рецепторини хавфсиз йўл билан “ишга тушириш” жигар касалликларини даволашда катта ютуқ бўлиши таъкидланмоқда.
Мавзуга оид
10:51 / 20.03.2026
Энг бахтли мамлакатлар маълум қилинди
02:09 / 09.03.2026
Тадқиқот: ўсмирлар тобора камроқ ухламоқда
07:23 / 07.02.2026
Рейтинг: тадқиқот ва ишланмаларга энг кўп пул сарфлайдиган давлатлар
22:17 / 23.01.2026