Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими ушбу касалликнинг белгилари, даволаш усуллари ҳақида Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори Муроджон Ирисметов билан суҳбатлашди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

—  Д витамини етишмовчилиги қандай касаллик?

— Д витамини етишмовчилиги, яъни рахит хасталиги бир умрлик асоратлар қолдирувчи фақат кичик ёшдаги болаларда учрайдиган касалликдир. У бола организмида Д витамини етишмаслиги натижасида келиб чиқади. Боланинг ривожланиши, хусусан, суякнинг ўсиши ҳамда мустаҳкам бўлиши учун организмга кальций ва фосфор элементлари зарур бўлади. Д витамини эса кальций ва фосфорнинг ичакдан сўрилиши, уларнинг суяк, мушак ва бошқа аъзо тўқималарига етиб боришини бошқаради. 

Агар организмда Д витамини етишмовчилиги кузатилса, боланинг кальций ва фосфор элементларига бўлган эҳтиёжи қондирилмайди. Бу эса ўз навбатида рахит хасталигини келтириб чиқаради. Кўпинча ушбу касаллик кеч куз ва қиш ойларида туғилган болаларда учрайди. Сабаби бу фаслларда туғилган бола учун қуёш нури етарли бўлмайди.

—  Рахит касаллигидан сақланиш учун нима қилиш керак? 

— Албатта, қуёшли кунларда ва эрталаб очиқ ҳавода сайр қилиш бола учун жуда фойдали. Сайрга куннинг энг қулай вақти эрталаб соат 8:00дан 11:00гачадир. Ёз кунлари кечки 18:00дан кейин ҳисобланади. Очиқ ҳаводаги сайр болани чиниқтириш билан бирга организмда Д витамини ишлаб чиқарилишини кучайтиради. Ҳаттоки, ҳомиладор аёлнинг қуёш нуридан баҳраманд бўлиши ҳам фарзандида Д витамини етишмовчилиги бўлмаслигида муҳимдир. 

Шунингдек, болага Д витаминига бой бўлган озиқ-овқатлар: мол гўшти, айниқса, балиқ, тухум ҳамда жигар маҳсулотларини бериш ҳам унинг рахит касаллигига чалинмаслигини таъминлайди. Гўдакка қўшимча маҳсулотлар берилмайдиган даврда она Д витаминига бой маҳсулотлар кальцийга тўйинган озиқ-овқат: сут ва сут маҳсулотлари, туршак, ловия, хурмо, кўк пиёзларни мунтазам истеъмол қилса, ушбу моддалар она сути билан бирга фарзандига ўтади ва унинг соғлом бўлишига замин яратади.

—  Қандай белгилар намоён бўлади?