Жаҳон | 15:39 / 14.11.2020
9792
2 дақиқада ўқилади

Тоғли Қорабоғдаги жанговар ҳаракатларда ҳалок бўлганларнинг жасадлари алмашилди

Фото: РИА Новости

Озарбойжон ва Арманистон Тоғли Қорабоғдаги жанговар ҳаракатлар давомида ҳалок бўлганларнинг жасадларини алмашишди. Озарбойжон Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, жараён Россия тинчликпарвар кучлари воситачилигида амалга оширилган.

«Шуша шаҳри атрофидаги жангларда ҳалок бўлган бир қанча аскарларнинг жасадлари йиғилган эди. Ушбу инсонпарварлик акциясида Арманистон Қуролли кучларининг ҳалок бўлган аскарлари арман тарафга топширилди. Шунингдек, Озарбайжон армиясидан ҳалок бўлган 6 нафар ҳарбий хизматчининг жасади қабул қилиб олинди», – дейилади ҳисоботда.

Шунингдек, баёнотда ушбу жараённи ташкил қилган Россия Мудофаа вазирлигига миннатдорлик билдирилган.

Аввалроқ, Россия президенти Владимир Путин Тоғли Қорабоғдаги гуманитар масалаларни ҳал қилиш бўйича ўтказилган йиғилишда Арманистон ва Озарбойжон ўртасида кечган жангларда тинч аҳоли орасидан 4 мингдан кўпроқ одам ҳалок бўлгани, қочқинлар сони ўн минглаб кишини ташкил қилаётганини маълум қилган эди.

Шунингдек, Путин ҳудуддаги гуманитар масалаларга ечим топиш ва аҳолига ёрдам бериш мақсадида идоралараро марказ тузиш топшириғини берган.

9 ноябр куни Россия, Арманистон ва Озарбойжон Тоғли Қорабоғдаги жанговар ҳаракатларни тўхтатиш юзасидан умумий баёнот берган эди. 

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид