Жаҳон | 00:15 / 14.11.2020
25590
2 дақиқада ўқилади

Тожикистонда дунёдаги энг баланд қуёш электростанцияси қурилди

Тожикистоннинг Мурғоб шаҳрида мамлакатдаги энг йирик қуёш электр станцияси ишга туширилди. Мазкур иншоот дунёдаги денгиз сатҳидан энг баланд жойда қурилган қуёш электр станциясига айлангани айтилмоқда.

Мурғоб шаҳрида 220 кВт қувватга эга янги қуёш электр станцияси очилди, деб хабар бермоқда АҚШнинг Тожикистондаги элчихонаси: «Мазкур иншоот Тожикистонда энг йирик, шунингдек, дунёда денгиз сатҳидан энг юқори баландликда жойлашган қуёш электростанцияси ҳисобланади. Лойиҳа қуввати 180 кВт соат бўлган гибрид энергия йиғиш электр станциясини ҳам ўз ичига олади», – дейилади хабарда.

Мазкур қуёш электр станциясининг ишга туширилиши билан Тоғли Бадахшон автоном вилоятининг Мурғоб шаҳрида 6 мингдан ортиқ аҳоли электр энергиясидан фойдаланиш имкониятига эга бўлган.

Маълумот учун, Мурғоб Тожикистонда денгиз сатҳидан энг юқори баландликда жойлашган шаҳар ҳисобланади. Бу шаҳарда 6 000 нафар аҳоли 3 600 метр баландликда, етиб бориш қийин бўлган шароитларда яшагани учун ҳудудни электр энергияси билан таъминлашга масъул бўлган «Памир Энержи» ва миллий электр тармоғи уларни таъминотдан узиб қўйган. Янги қуёш электр станциясининг қурилиши аҳолига электр энергиясини узатишни тиклаш имкониятини яратган.

«Мурғобда қурилган қуёш электр станцияси ҳудуднинг электр таъминотини 50 фоизга оширади. Бу нафақат аҳолининг турмуш даражасини сезиларли даражада яхшилайди, балки минтақанинг умумий иқтисодий ривожланишига ҳам ҳисса қўшади», – дейилади хабарда.

Янги қуёш электр станцияси Тожикистон ҳукумати, АҚШнинг USAID ва маҳаллий «Памир Энержи» компанияси ҳамкорлигида қурилган. Тожикистон Энергетика ва сув ресурслари вазирлиги Мурғобда қуёш электростанцияси лойиҳасида ёрдам кўрсатишни сўраб USAID'га мурожаат қилган ва ташкилот уни қўллаб-қувватлаган.

Мавзуга оид