Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеяси 24 июл куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган «Ижтимоий ривожланишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги резолюцияни қабул қилди.

Мазкур ҳужжатни БМТга аъзо 61 давлат ҳаммуаллиф сифатида қўллаб-қувватлади. Бу Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиш, ижтимоий тараққиёт ва парламент дипломатиясини ривожлантириш борасидаги ташаббуслари халқаро ҳамжамият томонидан кенг эътироф этилаётганини кўрсатади.

Ҳужжатда 2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентларнинг ўрни алоҳида эътироф этилган. Хусусан, миллий қонунчиликни такомиллаштириш, ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлаш, камбағалликни қисқартириш, муносиб бандликни таъминлаш, сифатли таълим имкониятларини кенгайтириш ва ижтимоий интеграцияни қўллаб-қувватлаш парламентларнинг асосий вазифалари сифатида қайд этилган.

Шунингдек, резолюцияда хотин-қизлар ва ёшларнинг парламент фаолиятидаги иштирокини кенгайтириш, рақамли трансформация имкониятларидан самарали фойдаланиш, ривожланаётган мамлакатларни қўллаб-қувватлаш ҳамда халқаро ҳамкорликни кучайтириш масалаларига алоҳида урғу берилган.

Ҳужжатда 2025 йилда Тошкент шаҳрида ўтказилган Парламентлараро иттифоқнинг 150-Ассамблеяси ҳамда унда қабул қилинган Тошкент декларацияси ҳам эътироф этилган. Декларацияда парламентларнинг ижтимоий ривожланиш ва ижтимоий адолатни таъминлашдаги ўрни акс эттирилган.

Резолюция билан БМТга аъзо давлатлар парламентларни 2030 йилгача Барқарор ривожланиш кун тартибини амалга ошириш ва мониторинг қилиш жараёнларига фаолроқ жалб этишга чақирилмоқда. Жумладан, ихтиёрий миллий шарҳларни тайёрлаш, миллий мажбуриятлар ижроси устидан парламент назоратини кучайтириш ва фуқаролик жамияти билан ҳамкорликни кенгайтириш тавсия этилган.

Бундан ташқари, ҳужжатда парламент вакилларининг БМТнинг йирик халқаро тадбирларидаги иштирокини кенгайтириш ҳамда ижтимоий ривожланиш кўрсаткичларини баҳолаш учун миллий статистика тизимларини такомиллаштириш зарурлиги қайд этилган.

Резолюция қабул қилинишидан аввал Ўзбекистоннинг БМТдаги Доимий ваколатхонаси томонидан кенг кўламли сиёсий-дипломатик музокаралар олиб борилди. Расмий маслаҳатлашувлар ва икки томонлама учрашувлар натижасида барча аъзо давлатлар манфаатларини инобатга олган мувозанатли ҳужжат матни ишлаб чиқилди.

Мазкур резолюциянинг қабул қилиниши Ўзбекистоннинг БМТ доирасидаги ташаббуслари ва кўп томонлама дипломатиядаги фаоллиги тобора ортиб бораётганини намоён этади. Шу билан бирга, ҳужжат парламентлараро ҳамкорликни ижтимоий адолат ва барқарор ривожланишга эришишнинг муҳим воситаларидан бири сифатида эътироф этади.