Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси ушбу давлатда истиқомат қилаётган ёки вақтинча бўлиб турган ўзбекистонликларга огоҳлантириш билан чиқди.
Элчихона Яқин Шарқ минтақасидаги вазият кескинлашиши эҳтимоли мавжудлиги муносабати билан барча фуқароларни ҳушёрликка чақириб, шахсий хавфсизлик чораларига қатъий риоя этишни сўради.
“Қуйидаги тавсияларга амал қилишингизни илтимос қиламиз:
Исроил давлат органлари, жумладан, Фуқаро фронт орти қўмондонлиги (Home Front Command) томонидан берилаётган расмий хабарлар ва кўрсатмаларни мунтазам кузатиб боринг ҳамда уларга қатъий амал қилинг.
Яшаш ёки иш жойингизга яқин бўлган бошпана жойлашувини олдиндан аниқлаб қўйинг.
Сафар ва ҳаракатланишни режалаштиришда эҳтиёткорликка риоя қилинг, расмий чекловлар ва хавфсизлик билан боғлиқ огоҳлантиришларни инобатга олинг.
Шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни доимо ўзингиз билан олиб юринг, яқинларингиз билан доимий алоқада бўлинг”, дейилади огоҳлантиришда.
Элчихона билан боғланиш учун 03-672-2466, 03-672-2371, 03-758-5075, 03-758-5076 рақамларига ҳамда фавқулодда ва шошилинч ҳолатлар учун +972 54 485 1397 рақамига қўнғироқ қилиш мумкин.
“Илтимос, хотиржамликни сақланг, тасдиқланмаган маълумотларни тарқатманг ҳамда фақат расмий манбалар ахборотига таянинг. Элчихона вазиятни доимий равишда кузатиб бормоқда ва зарурат туғилганда қўшимча маълумот беради”, дейилади элчихона томонидан.











