16 ноябр куни пойтахтимиздаги «Миллий» стадион анжуманлар залида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ўртасида ўзаро англашув меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди. Унда мазкур ташкилотларнинг масъул ходимлари, спортчилар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

2019 йил 3 октябрдаги «Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги зиммасига бир қатор вазифалар юклатилган.

Хусусан, давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимлари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва соғлиғини мустаҳкамлашга қаратилган тадбирларни амалга ошириш Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги олдидаги долзарб вазифалардан биридир.

Жаҳонда COVID-19 коронавирус пандемиясининг юзага келиши дунё мамлакатлари қатори Ўзбекистонда ҳам мамлакатимиз аҳолисининг соғлиғи, жисмоний саломатлиги, соғлом ҳаёт кечириш даражаси заиф эканлигини кўрсатди. COVID-19 коронавирус инфекцияси аввало юрак-қон томир ва нафас олиш йўллари ҳамда семизлик (ортиқча вазн) касаллигига чалинган фуқаролар соғлиғига салбий таъсир кўрсатди. Натижада, пандемия кўплаб инсонлар, хусусан давлат фуқаролик хизматчиларининг бевақт ҳаётдан кўз юмишига сабаб бўлди.

Шу йил 30 октябр куни Президентимиз «Соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонга имзо чекди. Унга кўра, 2021 йилдан бошлаб давлат органлари раҳбарлари ва барча ходимлари иш вақтидан сўнг ҳафтада камида бир марта жисмоний тарбия билан шуғулланишади. Раҳбарлар шахсий намуналари орқали семизлик даражасини камайтириш, вазн кўрсаткичларини яхшилаш, саломатликни мустаҳкамлаш учун қаратилган чора-тадбирларни амалга оширади. Давлат органлари жамоа шартномаларида ишлаб чиқариш гимнастикаси машқлари жорий қилинади.

Бугун ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ўртасида ўзаро англашув меморандумини имзолаш маросимида ана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Отабек Ҳасановнинг таъкидлашича, мазкур Меморандум давлат органлари ҳамда ташкилотлари раҳбар ва ходимларини жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб қилиш, жисмоний фаоллигини ошириш, улар ўртасида турли мусобақалар ташкил этишга қаратилган тадбирларни амалга оширишда ўзаро ҳамкорлик қилиш тартибини белгилаб беради.