Ялпи мажлисда сўзга чиққан Танзила Норбоева сунъий интеллект таълим, тиббиёт, иқтисодиёт ва давлат хизматлари сифатини ошириш учун кенг имкониятлар яратишини таъкидлади. Шу билан бирга, янги технологияларни ривожлантириш билан бир қаторда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шахсий маълумотлар хавфсизлигини таъминлаш ва сунъий интеллектдан масъулиятли фойдаланишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш зарурлигига эътибор қаратди.

Ўзбекистонда рақамли технологиялар ва сунъий интеллект соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда қонунчиликдаги янгиликлар ҳақида маълумот берилди. Мажлисда парламентлар ўртасида қонунчилик тажрибасини алмашиш, сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича умумий тавсиялар ишлаб чиқиш ва замонавий технологияларни парламент фаолиятига жорий этиш юзасидан таклифлар билдирилди.

Тадбир доирасида Қирғизистон президенти Садир Жапаров ТуркПАга аъзо давлатлар парламентлари раҳбарлари билан учрашди. Унда Танзила Норбоева Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон президенти Садир Жапаров ўртасидаги сиёсий мулоқот ва ўзаро ишонч икки давлатнинг стратегик шериклик муносабатларини изчил ривожлантиришга замин яратаётганини қайд этди.

Учрашувда ТуркПАнинг туркий давлатлар ўртасидаги парламентлараро мулоқотни ривожлантириш, савдо-иқтисодий, транспорт, энергетика, рақамли ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтиришдаги ўрни муҳокама қилинди.

Шунингдек, Танзила Норбоева Қирғизистон Жўқорғи Кенгеши раиси Марлен Абдрахманов билан учрашди. Мулоқотда икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш, парламентлараро алоқаларни кенгайтириш ҳамда эришилган келишувларнинг амалий ижросини таъминлаш масалалари кўриб чиқилди.

Томонлар жорий йил якунига қадар Ўзбекистонда икки мамлакатнинг барча ҳудудлари иштирокида биринчи Ҳудудлар форумини ўтказиш бўйича келишувни амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади. Туризм, таълим ва гуманитар алоқаларни ривожлантириш, қўшма таълим дастурлари ҳамда академик алмашинувларни кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.




















