1998 йил 30 апрелда қабул қилинган 598–I-сон қонун билан тасдиқланган Ер кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.

Хусусан, кодекс 36-1-модда билан тўлдирилади. Унда ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқининг бекор қилиниши тартиби белгиланган.

Қайд этилишича, ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини тугатиш ижара шартномасини бекор қилиш йўли билан амалга оширилади.

Юридик ёки жисмоний шахс томонидан ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқидан ихтиёрий равишда воз кечиш мақсадида туман (шаҳар) ҳокимига берилган аризаси бир ҳафта муддатда ерга оид масалаларни кўриб чиқувчи доимий комиссиясида кўриб чиқилади ва комиссия хулосаси асосида туман (шаҳар) ҳокими ёки халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгаши томонидан ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бекор қилиниши тўғрисида қарор қабул қилингунига қадар юридик ва жисмоний шахс ер участкаси билан боғлиқ бўлган мажбуриятларини бажаришга мажбурдир.

Ер участкасини ижарага олиш муддати тугашидан бир ой олдин ижарага берувчи ижарага олинган ер участкасини қайтариб бериш тўғрисида юридик ва жисмоний шахсга огоҳлантириш юборади. Юридик ва жисмоний шахс ижарага олинган ер участкасини қайтариб беришга рози бўлса, унинг розилик хати асосида ижарага берувчи томонидан ижара шартномасини бекор қилиш тўғрисида тегишлилигига кўра маҳаллий давлат ҳокимият органларининг ёки халқ депутатлари Кенгашларининг қарори қабул қилинади. Ушбу қарор айнан ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқининг бекор бўлганлигини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади. Юридик ва жисмоний шахс ижарага олинган ер участкасини қайтариб беришга рози бўлмаса, у ҳолда ижара шартномаси суд орқали бекор қилинади.

Агар ижарачи ер участкаси ижараси шартномасининг муддати тугагандан сўнг ижарага берувчи томонидан эътироз йўқлиги билдирилганда, ижара шартномаси ўша шартларда маълум муддатга қайтадан тузилиши мумкин.

Ер участкасини ижарага олиш шартномасининг амал қилиш муддати тугаганидан кейин қишлоқ хўжалик корхонасига ва фермер хўжалигига ижарага олиш шартномасини танловларсиз янги муддатга узайтирилишига йўл қўйилади.

Ер участкаси ижара ҳуқуқи берилган ҳолатларда, суднинг ҳал қилув қарорига биноан ижара шартномаси бекор қилинади ҳамда туман (шаҳар) ҳокимининг ёки халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашининг қарорига асосан ер участкаси қайтариб олинади.

Бундан ташқари, кодекс 41-1-модда билан тўлдирилади. Унда ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш ҳақида сўз юритилади.