– Шерзод Ҳикматуллаевич, сиз билан энергетика муаммолари ҳақида бир неча марта суҳбатлашганмиз ва ҳар сафар электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми муттасил ортиб бораётганини таъкидлагансиз. Лекин бугунги вазият бутунлай бошқача манзарани кўрсатмоқда.

– Суҳбатимиз бошиданоқ бир гапни айтиб қўяй – айни пайтда мен қандай ахборот бермайин, ўзимни ва тизимни оқлашдек туюлади ва буни тўғри тушунаман. Энди бевосита саволингизга келсак, чиндан ҳам ишлаб чиқариш ҳажми узлуксиз ошиб бормоқда. Аммо шу билан бирга истеъмол ҳам ортиб кетяпти ва тан олишимиз керак, биз бу ўзига хос пойгада қисман ортда қоляпмиз. Бугунгидек совуқ кунларда бу айниқса сезиляпти.

Куни кеча парламентда бўлиб ўтган бюджетга оид йиғилишда ҳам бу тўғрисида маълумот бердим. Жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 5 фоизга ортган. Ҳолбуки, бу йилги белгиланган даврнинг катта қисми карантин вақтига, яъни кўп жойлар ишламаган пайтларга тўғри келди. Шу кунлардаги истеъмол ўтган йилнинг мос давридан 10 фоиз юқори ва шунда ҳам кўп хонадонларнинг электр таъминоти чекланмоқда.

– Истеъмол ортиб бориши тушунарли, аҳоли сони кўпаймоқда, ишлаб чиқариш ортмоқда. Ўзингиз айтгандай, бу ўзига хос пойгада ортда қолмаслик учун нималар қилиняпти?

– Истеъмол ортишини ҳисобга олиб, олдимизга бир қатор вазифаларни белгилаб олганмиз. Хусусан, инвестиция лойиҳалари доирасида йил якунига қадар жами 1250 мегаватт янги электр энергияси ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилади.

Бугунги кунда шундан 878 мегаваттли энергоблоклар фойдаланишга топширилди.

Жумладан, Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясида 450 мегаваттли иккинчи, Тахиатош иссиқлик электр станциясида 280 мегаваттли биринчи буғ-газ қурилмалари ҳамда 73 мегаваттли гидроэлектр станция агрегатлари тизимга уланди.

Сирдарё иссиқлик электр станциясида олтинчи энергоблокнинг қуввати 75 мегаваттга оширилди.

Қолган 372 мегаваттга тенг қувватлар йил якунига қадар фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Шунингдек, Тахиатош иссиқлик электр станциясида биринчи 280 мегаваттли буғ-газ қурилмаси, Фарғона иссиқлик электр марказида 17 мегаваттли газ турбина қурилмаси, Сирдарё иссиқлик электр станциясида бешинчи энергоблокнинг модернизация ишларини якунлаш натижасида қуввати 75 мегаваттга оширилади.