Коррупцияга қарши курашиш агентлиги масъул ходими Баҳром Бурхониддинов давлат бюджети таъминоти ҳисобидан хизматда фойдаланиш учун қимматбаҳо автомобиль сотиб олаётган амалдорлар масаласига муносабат билдирди.

«Бу бўйича аниқ ҳуқуқий чора ва механизмлар белгиланиши лозим. Шу пайтгача нормалар етарли бўлмагани учун мунозаралар келиб чиқмоқда. «Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида хизмат автотранспортларидан фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ўзбекистон президенти қарори лойиҳасида ҳам айнан шундай ҳолатларни бартараф этиш кўзда тутилган», — дейди у.

Бурхониддиновнинг айтишича, қарор лойиҳасида амалдорларнинг эгаллаб турган мансаб даражасидан келиб чиқиб, унга хизмат автотранспорти ажратилиши назарда тутилган. Масалан, туман ва шаҳар ҳокимларига бириктирилган машиналар нархи базавий ҳисоблаш миқдорининг 1200 бараваридан (267 миллион 600 минг сўм) ошмаслиги кўрсатилган.

«Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг вилоят, Қорақалпоғистон ва Тошкент шаҳар бўлинмалари раҳбарларининг хизмат автомобили нархи эса БҲМ 700 бараваридан (156 миллион 100 минг сўм) ошмаслиги белгиланмоқда. Қарор лойиҳасида хизмат автомобилларини янгисига, ундан 5 йил фойдалангандан сўнг, алмаштириши кўрсатилган», — дейди агентлик масъули.

Баҳром Бурхониддинов

Баҳром Бурхониддиновнинг таъкидлашича, давлат ташкилотларида фойдаланишда мавжуд, яъни қарор амалиётга татбиқ этилгунга қадар харид қилинган барча автотранспорт воситалари хатловдан ўтказилади.

«Белгиланган нормативдан ортиқча қийматда харид қилинган ҳар бир автомобиль онлайн аукцион орқали сотилиши таъминланади. Сотувдан тушган маблағлар машина хариди учун ресурс қайси бюджетдан олинган бўлса, шу жойга туширилади», — дея қайд этди у.

Аввалроқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларининг 9 ойдаги ижроси ҳақида ҳисобот берган молия вазири Тимур Ишметов ҳам ушбу масалага муносабат билдирганди. Вазир ўз нутқида пандемия пайтида маҳаллий ҳокимликларнинг қиммат автомобиллар харид қилишига танқид назари билан қарашини таъкидлаган