Kun.uz ушбу ҳолатни ўрганиш мақсадида Деҳқонобод туманида бўлди.

Маълумот ўрнида айтиш лозим, 2007 йил 17 декабрдаги президент қарорида «ЗУМК-Инжиниринг» (Россия) компанияси билан лойиҳалаштириш, қуриш, асбоб-ускуналар етказиб бериш ва ишга тушириш-созлаш ишлари юзасидан белгиланган тартибда шартномалар тузилган ҳамда рўйхатга олингани қайд этилган. Натижада, Деҳқонобод калийли ўғитлар заводининг қурилиш-монтаж ишларига Россия ва Ўзбекистондан мутахассис ва ишчилар шартнома асосида қабул қилинган.

Очиғи, Деҳқонобод тумани географик жойлашуви, у ердаги одамларнинг оғир турмуш тарзи ҳақида озгина тасаввурга эга бўлган одам ушбу қарорни қўллаб-қувватлайди. Чунки мазкур туман аҳолисининг кўпчилиги фақат чорвачилик билан кун кечиради. Таълим ва тиббиёт соҳасини ҳисобга олмаганда, кўпчилик оилаларда доимий иш топиш муаммо. Шундай экан, туманда катта бир заводнинг пайдо бўлаётгани ва унинг нафақат қурилиш жараёнида иштирок этиш, балки фойдаланишга топширилгандан сўнг ҳам ишлаш мумкин, деган хаёл кўпчиликка маъқул бўлади.

Бизга мурожаат қилганларнинг барчаси шу хаёлда бўлган. Афсуски, улар етти-саккиз йилдан буён иш ҳақини ололмай сарсон.

Масалан, Рашид Берназов 2009 йилда Деҳқонобод калий заводи шахтасида ҳайдовчи сифатида иш бошлаганини маълум қилди. Унинг айтишича, дастлабки йилларда иш ҳақлари ўз вақтида берилган, ҳаммаси улар кутганидек бўлган. 2013 йилга келиб, маош икки-уч ойда тарқатилган, ишчилардан қарздорлик ортиб бораверган. Шундан сўнг улар ишни тўхтатишга мажбур бўлган ва завод раҳбариятидан Россия компаниясидан маошларини олиб беришни талаб қилишган. «Заводнинг ўша вақтдаги раҳбари Ҳамидулла Шерматов биздан ишни тўхтатмасликни сўради ва маошимизни ўзи беришини айтди. Керак бўлса, завод қурилиб битгач, сизларни ишга оламан деди. Шундан кейин яна бир йил давомида ойликсиз ишладим. Айни вақтда биргина ўзимнинг ололмаган ойлигим 15 миллион сўмни ташкил қилмоқда», – дейди Рашид Берназов.