08:28 / 27.11.2020
5717

Тошкентда совуқ қурол олиб юриш учун жавобгарлик белгиланган кундан бошлаб нечта баённома расмийлаштирилгани айтилди

Жорий йилнинг 5 ноябрь куни президент “Жамоат хавфсизлигини таъминлашга доир қонун ҳужжатлари янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.

Қонунга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига 185-2- ва 185-3-моддалари киритилди. Мазкур моддалар билан совуқ қурол ёки совуқ қурол сифатида ишлатилиши мумкин бўлган буюмларни олиб юриш ва уларнинг Ўзбекистон ҳудудидаги савдоси учун маъмурий жавобгарлик белгиланди.
 
Жамоат жойларида совуқ қурол олиб юриш учун жавобгарлик жорий қилиш тўғрисидаги қонун имзоланган кундан бошлаб Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан 122та пичоқ олиб юриш билан боғлиқ фактлар қайд этилди, шулардан 63 таси бўйича маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.

Қайд этилишича, ҳолатлардан 47таси бўйича 185-2-модда (Совуқ қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни олиб юриш), 16та баённома – 185-3-моддага (Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фуқаровий ва хизмат қуроли сифатида муомалада бўлиши тақиқланган ашёларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлиши) мувофиқ расмийлаштирилди.

Суд органлари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганликда айбдор деб топилган 59 нафар фуқарога нисбатан жарима белгиланди, тўрт нафар фуқаролар маъмурий қамоққа олинди.

Top