27 ноябрь куни Эронда шов-шувли қотиллик содир бўлди. Эроннинг махфий ядро дастури бошқарувчиси экани айтиладиган Муҳсин Фахризода теракт қурбони бўлди. Унинг ўлдирилишини Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг «Ал Қудс» махсус бўлинмаси командири Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилишига ўхшатишмоқда. Эронда Фахризоданинг ўлими сабаб нақ 40 кунлик мотам эълон қилинди.

Бу ишни ким қилди?

Эрон ядро дастурининг раҳбари экани айтилаётган физик олим Муҳсин Фахризоданинг ўлимини кўпчилик Исроил билан боғламоқда. Ахир Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу икки йил олдин ташкил этилган махсус анжуманда Эроннинг махфий «Aman» ядро дастури ҳақида гапириб, Фахризодани унинг раҳбари сифатида таъкидлаганди. «Бу номни эслаб қолинг – Фахризода», деганди ўшанда Нетаняҳу олимнинг суратини кўрсатиб.

Шу сабабли эронлик жуда муҳим олимнинг ўлдирилишини Исроил билан боғлашмоқда. АҚШ президенти Дональд Трамп эронлик Муҳсин Фахризода ўлдирилгани ва у узоқ йиллар МОССАДнинг кузатувида бўлгани ҳақида ёзилган твитни ретвит қилди (ўқувчиларига улашди). Бу эса АҚШ президенти гўёки содир бўлган воқеалардан хабари борлигига ишора сифатида ҳам қабул қилинди. Трампнинг бу ҳаракати беихтиёр шахсан унинг топшириғига кўра ўлдирилган Қосим Сулаймонийга уюштирилган суиқасдни эслашга мажбур қилган.

Фото: EPA

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний шанба куни тонгда чиқиш қилиб Фахризоданинг ўлими ортида Исроил турганини маълум қилди: «Шаҳид Фахризоданинг ўлими душманларимизнинг бизга бўлган нафрати қай даражада эканини кўрсатади. Унинг ўлими бизнинг ишларни тўхтатмайди», деди Руҳоний. Эрон олий етакчиси оятуллоҳ Али Хоминаий қотиллик ортида турганларни жазолашни талаб қилди.

Эрон ташқи ишлар вазири Жавод Зариф бу воқеани давлатга қарши уюштирилган террор деб атади. Али Хоминаийнинг маслаҳатчиси эса бу ишда тўғридан тўғри Исроилни айблади.

Reuters агентлиги бу борада Исроил бош вазири вакилларидан муносабат олишга уринган, лекин жавоб олишмаган. Исроил бу қотилликда бежиз айбланмаяпти. Чунки 2010-2012 йилларда 4 нафар эронлик ядро мутахассислари ўлдирилган ва ўшанда ҳам Теҳрон Исроилни айблаганди.

Jerusalem Post нашри хабар беришича, Исроил Эрон ҳукуматининг қасос ҳақидаги ваъдалари ортидан бутун дунёдаги элчихоналари ва ваколатхоналарини қўриқлашни кучайтирган.

Муҳсин Фахризода Али Хоминаий номидаги атом физика университети профессори ҳисобланади. Уни бундан бир неча йил олдин ҳам ўлдиришга уринишганди. 2014 йилда Reuters'га интервью берган ғарблик дипломатлардан бири бу олим ҳақида шундай деганди: «Агар Эрон уранни ҳарбий мақсадда қаергадир юборса, Фахризода «Эрон бомбасининг отаси» эканини ҳамма билади».