Тарихда жуда кўп саркардалар ўтган. Лекин уларнинг аксариятининг номи унча кўп эсланмайди. Бугун исталган одамга тарихда ўтган машҳур саркардаларни санаб беринг дейилса, у катта эҳтимол билан Александр Македонский, Чингизхон, Амир Темур, Наполеон деб жавоб беради. Македонский, Чингизхон ва Амир Темур давридан кейин ҳозирги даврга нисбатан узоқ вақт ўтган. Наполеон яшаб ўтган даврга эндигина 200 йилдан сал ошди. Юқорида номлари саналган саркардалар орасида Наполеон энг кам танқид қилинади. Балки, бунга у ўз юришларини «французча назокат» билан олиб боргани ҳам сабаб бўлиши мумкин. Аксарият саркардалар ҳаётидан фарқли равишда Наполеон ҳаётининг сўнгги қисми аянчли бўлади. У тахтда ўтирган ҳолида ёки жанг майдонида эмас, балки ватанидан узоқда маҳбусликда вафот этади.

Наполеон – корсикалик итальян

Наполеон Бонапарт 1769 йил 15 августда Ўрта Ер денгизидаги Францияга тегишли Корсика оролидаги Аяччо шаҳрида кичик зодагон оиласида туғилади. Ўша пайтгача Корсикани Генуя республикаси назорат қилар, Наполеон туғилишидан бир йил олдин республика бу оролини Франция қироли Людовик XV’га 40 миллион ливрга сотган эди.

Наполеоннинг аждодлари бу оролга XVI асрда Италиядан кўчиб келишган. Наполеоннинг она тили итальян тилининг Корсика лаҳжаси эди. У француз тилини мактабда ўрганади. Аммо умрининг охиригача французча гапирганида итальян тили оҳанги сезилиб туради.

1779 йилда Наполеон Бриен-ле-Шатодаги кадетлар мактабига ўқишга киради ва артиллерияни қизиқиб ўрганади. 1784 йилда мактабни битириб, Париж ҳарбий мактабида ўқий бошлайди. Бу ерда олинган ҳарбий билим ва кўникмалар Наполеоннинг кейинги ҳаёти давомида асқотади. Ўша йили ўқишни муддатидан аввал тугатиб, де Ла Фернинг артиллерия полкида уч ойлик синовдан муваффақиятли ўтганидан сўнг, кичик лейтенант унвони билан хизматга қабул қилинади. Шу тариқа, Наполеоннинг ҳарбий ҳаёти бошланади.

Наполеон туғма саркарда эди. Турли ҳарбий ҳаракатларда қатнашган Наполеоннинг тажрибаси ва унга уйғун ҳолда унвони ҳам ошиб боради. 1795 йилга келиб Париж ҳарбий мактабини битирганига ўн йил бўлганида у Франция армияси генералига айланади. Орадан бир йил ўтиб Наполеон граф Богарненинг беваси Жозефинага уйланади. Тўёна сифатида уни Италия шимолига жўнатиладиган армияга қўмондон этиб тайинлашади. Тўйдан кейин у итальян фронтига жўнаб кетади.