Сергели тумани Қўшқўрғон маҳалласидан келган мурожаатни ўрганиш учун йўлга отландик.

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортининг шундоққина ёнидаги ушбу кўчада ўнлаб уйлар ва унда яшаётган аҳоли даҳшатли даражада танг аҳволда қолганига гувоҳ бўлдик. Кўчалар лой, бузилган уйларнинг харобалари ҳамда қазилган чуқурликлар шундоқлигича ташлаб кетилган. Атроф худди табиий офат ёки уруш бўлган манзарани эслатади. Пойтахтда шундай жой бор эканми, дея кўзларимизга ишонгимиз келмади. 

«Нотўғри «снос» натижасида ит, мушук ва илонлар орасида яшашга мажбур бўляпмиз»

Қўшқўрғон кўчасидаги уйлари бузилмай қолган фуқаролар билан суҳбатлашдик.

«Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмоновнинг «Тошкент-4» авиатерминалини қуриш ҳақидаги қарорига асосан 120та хонадон бузилишга тушган эди. 2015 йилда бузиш ишлари олиб борилди. Номаълум сабаблар билан 25та хонадон бузилмай, вайроналар ичида қолиб кетди.

«Тошкент-4» терминали ҳам қурилмайдиган бўлди. Бу ҳудуд вайроналар ичида қолган 25та хонадон вакилларининг яшаши учун санитар-эпидемиологик нормаларга жавоб бермайди. Ҳашарот-у жонзотлар жуда кўп. Чаён, чивин ва дайди итлар, ҳатто илонлар маконига айланди. Экскаваторлар айрим бузилган уйларни текислаш ўрнига 7-8 метрлик чуқурлар қазиб, шу ҳолатда ташлаб кетган. Беш йилдан буён шундай оғир аҳволда яшаб келяпмиз.

Бу ҳолат ҳаво кемаларида Ўзбекистонга кириб келаётган ва учиб кетаётган меҳмонларга кафтдек кўриниб туради. Ушбу ҳудуд учиш-қўниш чизиқларига 150-200 метр масофада жойлашган.

Ушбу ҳолат юзасидан Сергели туман ва Тошкент шаҳар ҳокимиятига, бош прокурорга бир неча марта мурожаат қилганмиз. “Бузилиш ижобий ҳал қилинади”, деб ваъда берилган эди. Aммо ҳозирги кунга қадар вайроналар орасида қолиб кетган хонадонларнинг тақдири ҳеч кимни қизиқтирмаяпти”, дейди шу ерда яшаб келаётган фуқаролардан бири.

Қолиб кетган уйлар тақдири тез орада ҳал этилади – Тошкент шаҳар ҳокимлиги Муниципал активларни бошқариш маркази