Жаҳон | 07:50 / 09.12.2020
8077
3 дақиқада ўқилади

Эрон Муҳсин Фахризоданинг ўлдирилишига алоқадор бир неча киши қўлга олинганини маълум қилди 

Фото: Global Look Press

Эронлик ядрочи олим Муҳсин Фахризоданинг ўлдирилиши иши бўйича бир неча киши қўлга олинди. Бу ҳақда Эрон парламенти спикерининг халқаро масалалар бўйича маслаҳатчиси Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён “Ал-Алам” телеканалига берган интервюсида маълум қилди.

“Ушбу қотилликни амалга оширишда иштирок этган шахслар жазодан қутула олмайди. Хавфсизлик хизматлари уларнинг бир қисмини аниқлаб, қўлга олди”, деб маълум қилган Абдуллоҳиён.   

У Эрон расмий идораларига ушбу жиноятнинг ташкилотчилари ва буюртмачилари маълум эканини қўшимча қилган. “Энди айта олишим мумкин, бу жиноятнинг буюртмачилари аниқланди ва улар муносиб жавоб олишига ҳеч қандай шубҳа йўқ”, деб айтган Абдуллоҳиён. Унинг таъкидлашича, мамлакат хавфсизлик хизматлари жавоб операциясини тайёрламоқда.  

Шу билан бирга, амалдор қўлга олинганлар ҳақида ҳеч қандай тафсилотларни келтирмаган ва бу ахборотни фақатгина хавфсизлик хизматлари ошкор қила олишини айтган. У қотилликда Исроил рол ўйнаганини таъкидлаб ўтган. Шунингдек, жиноятни содир этишда “АҚШ ёки бошқа давлатлар махсус хизматлари” ҳам қатнашган бўлиши мумкин. 

Фахризода 27 ноябрда ўзига уюштирилган суиқасд оқибатида ҳалок бўлган. Эрон ҳукумати маълумотларига кўра, олим мудофаа вазирлиги ҳузуридаги тадқиқотлар ва инновациялар ташкилотига раҳбарлик қилган. Баъзи ОАВлар, жумладан АҚШнинг The Wall Street Journal нашри эса олимни “Эрон бомбаси отаси” деб атаган. АҚШ молия вазирлиги маълумотларига кўра, Фахризода ядро қуролини ишлаб чиқиш билан шуғулланувчи тадқиқотчилик фирмасига раҳбарлик қилган. 

Маълумотларга кўра, олим масофадан бошқарилган қуролдан ўлдирилган. Қурол автомобилда ўрнатилган бўлган ва сунъий йўлдошдан бошқарилган.  

Эрон ҳукумати ушбу қотиллик учун жавобгарликни Исроил зиммасига юклаган. Эрон парламентининг миллий хавфсизлик ва ташқи сиёсат бўйича комиссияси вакили Абулфайз Амуйийнинг таъкидлашича, суиқасд Исроил махсус хизматлари томонидан бошқа давлатлар разведка хизматларини жалб қилган ҳолда ташкиллаштирилган бўлиши мумкин. Исроил олимнинг ўлдирилишига изоҳ бермаган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид