Иқтисодиёт | 15:41 / 18.12.2020
6619
2 дақиқада ўқилади

2021 йилда ижтимоий нафақа олувчилар сони икки баробар кўп бўлади. Бунинг учун бюджетдан 4,5 трлн сўм ажратилади

2021 йилда 1 млн 200 минг оилага ижтимоий нафақа сифатида 4,5 трлн сўм маблағ тўланади.

Молия вазири Тимур Ишметов Сенатнинг ўнинчи ялпи мажлисида давлатнинг биринчи даражали бюджет харажатлари ҳақида маълумот берди. Маълум қилинишича, «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонунда бундай харажатларга 80 трлн сўмдан кўпроқ маблағ ажратилади.

«Биринчи даражали бюджет харажатлари (иш ҳақи, стипендия, нафақа ва пенсия) келгуси йилда 82,7 трлн сўмни ёки жами харажатларнинг 50 фоизини ташкил қилади. Пенсия тўловлари эса 36,5 трлн сўмни ташкил этади ва уни ўз вақтида амалга ошириш учун жамғарма даромадларининг етмаган қисми учун давлат бюджетидан 14,7 трлн сўм трансфер ажратилади.

Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси президенти ва ҳукумати қарорларида тасдиқланган давлат дастурлари ҳамда иқтисодиётнинг айрим соҳаларини ривожлантириш учун 40 трлн сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси бюджетининг жами харажатлари қонун лойиҳасининг 5-иловасидаги 56та биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар, яъни вазирлик ва идоралар кесимида тасдиқланмоқда.

Бу йилдан бошлаб илк бор парламент назоратини кучайтириш, маблағлар ишлатиш самарадорлигини ошириш мақсадида нафақат вазирликлар кесимида, балки давлат дастурлари учун ажратилган маблағлар алоҳида қилиб кўрсатилмоқда.

Мисол учун, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жорий харажатлари қаторида 23та давлат дастурлари учун ажратилган маблағлар алоҳида кўрсатиб ўтилган.

Учинчидан, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш кўзда тутилган 10,8 трлн сўм ёки 2020 йил учун тасдиқланган параметрларга нисбатан 1,5 баравар кўп. 2019 йилга нисбатан 2,2 баравар кўп маблағлар ажратиш режалаштирилган.

Хусусан, болали ва кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлашга жорий йил бошида 600 минг оилага тўланган бўлса, 2021 йилда 1 млн 200 минг оилага ижтимоий нафақа тўловларини тўлаш орқали келгуси йилда ижтимоий нафақа олувчилар сони 2 баробар оширилади. Бунинг учун давлат бюджетидан 4,5 трлн сўм маблағлар ажратилади», дея Молия вазири сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири. 

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид