22 декабр куни Миллий матбуот маркази биносида «Миллий тикланиш» партиясининг бир йиллик фаолияти ҳисоботига бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида депутат Алишер Қодиров «UzAuto Motors» АЖ атрофидаги танқидларга муносабат билдирди.

Унинг айтишича, компания Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотида 34 триллион сўм қийматлик яратади.

«У ерда 28 минг, ҳатто ундан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари меҳнат қилади. Автосаноатда яратилган битта ишчи ўрни турдош 7-8тагача иш ўрнини пайдо қилади. Масалан, 28 минг одам расман компанияда банд бўлса, яна 250 мингга яқин одам автосаноат учун ишлаб, нон топяпти. Биз Ўзбекистондаги 300 мингга яқин одамнинг нон топиш манбаси ҳақида гаплашяпмиз», — дейди у.

Алишер Қодиров одамларнинг автомобил нархи, хорижий машиналарга ўрнатилган баланд бож тўловларига ҳам тўхталиб ўтди.

«Автосаноатни ҳеч ким осонликча ривожлантирмаган. Автосаноати мавжуд давлатлар эса рақобатда кучли бўлади. Негаки, ушбу саноат илмий-технологик ривожланишга ҳам туртки беради. Бож масаласида эса бир нечта давлатлар тажрибасига қарасак, Япония ва Жанубий Корея 80-йилларгача ички бозорни тамоман ёпиқ тутган. Мана шу сиёсатнинг натижаси нимага олиб келди? Ҳозир бу давлатларда ишлаб чиқарилган машиналар жаҳон бозорида сотилмоқда. Улар бунга бир кунда эришмади, балки маълум бир муддат ички бозорни ҳимоя қилди. Бизнинг тушунчамиз бўйича рақобатга эътибор қилмади», — дея қўшимча қилди у.

Алишер Қодировга кўра, хорижий машиналарга бож ставкалари пасайтирилса, мамлакат импорти 6-7 миллиард долларга ошади.

Алишер Қодиров

«Автомобилни ҳар йили 300 мингга яқин одам сотиб олади. Биз 300 минг одамнинг манфаатини кўзлаб, 35 миллион халқ яшаётган мамлакат иқтисодиётини хавфга қўя олмаймиз. Бу тамоман ёпилишга ишора қилмайди, биз ҳам миллий заводнинг рақобатбардош бўлишини истаймиз. Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилоти аъзоси эмас, лекин Киото пактига қўшилдик. Бу божларни мувофиқлаштириш иши бошланганини англатади», — деди у.

«Миллий тикланиш» етакчиси партия миллий ишлаб чиқарувчилар манфаатини ҳимоя қилишини эслатиб, консерваторларга хос муносабатини давом эттирди.

«Ўзбекистонда автосаноат ривожланишда ҳалигача давом этяпти. У ерда қабул қилинаётган айрим қарорларни яхши иқтисодчилар ҳам тушунмайди. Масалан, парламентда давлат бюджети қонуни лойиҳаси муҳокама этилганда етакчи партия депутати автосаноатга берилган 500 миллиард сўмлик солиқ имтиёзини шубҳа остига олди. Шу солиқ имтиёзи нега берилганини раҳбарият яхши англайди, бунинг ортида иқтисодий манфаатлар бор. Аниқ иқтисодий ҳаракат борки, шу саноатни ривожлантириш керак», — дейди у.