Ўзбекистон | 10:14 / 28.12.2020
4390
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда йил якунлари бўйича жалб этилган тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 6,6 млрд долларга етиши прогноз қилинмоқда

Жорий йилнинг 26 декабр куни Ўзбекистон бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов раҳбарлигида ўтказилган видеоконференцияда 2020 йилда инвестициявий ва ташқи савдо фаолияти натижалари муҳокама этилди ҳамда 2021 йилда инвестицияларни жалб этиш ва экспортни ошириш борасида стратегик мақсадлар, устувор йўналишлар белгилаб олинди.

Тадбир давомида ҳудудлар ва тармоқлар кесимида пандемия шароитларида тадбиркорлар ҳамда экспортчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича жорий йилда амалга оширилган чора-тадбирлар кўриб чиқилди. Маҳаллий тадбиркорлар дуч келаётган масалаларни тезкор ҳал қилиш бўйича амалий ёрдам беришга қаратилган ҳамкорлик йўлга қўйилгани таъкидланди

Таъкидланишича, Ўзбекистонда йил якунлари бўйича жалб этилган тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ҳажми аввалги йилдагига нисбатан ошиб, 6,6 млрд долларга етиши ва экспорт кўрсаткичи 15,1 млрд доллар миқдорида бўлиши прогноз қилинмоқда. Бу кўрсаткичларга қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, ахборот-коммуникация, электр, кимё ва енгил саноат соҳаларида йирик инвестиция лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш, шунингдек, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, кон-металлургия, транспорт соҳаларида товар ҳамда хизматлар экспортини сезиларли даражада ошириш орқали эришилди.

Масъул раҳбарларга жойларга чиққан ҳолда инвестиция лойиҳалари ташаббускорлари ва экспортчилар билан ишлашни фаоллаштириш, тузилган экспорт шартномалари бўйича юборилаётган юкларнинг кунлик мониторингини таъминлаш, дебитор қарздорликлар тўланишига ёрдам бериш, шунингдек, инвестициялар ва экспортни жалб қилиш кўрсаткичларини кўпайтириш учун янги имкониятлар ҳамда ресурсларни аниқлаш мақсадида идоралараро даражадаги яқин ҳамкорликни таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди. 

Прогнозга кўра, 2021 йилда тўғридан тўғри хорижий инвестициялар миқдори 7,5 млрд долларни, экспорт ҳажми эса 17 млрд долларни ташкил этади. Инвесторларни жалб этиш ва экспорт салоҳиятини юксалтириш борасидаги ишларни янада самарали ташкил этиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Саноат ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши, бюджетга солиқ тушумларининг ошиши, экспортнинг кўпайиши ва янги иш ўринлари яратилиши билан ажралиб турадиган энг юқори иқтисодий самарага эга инвестиция лойиҳаларини биринчи ўринга қўйиш зарурлигига урғу берилди. Молиявий кўмак бериш, узлуксиз газ, электр энергияси ва бошқа ресурслар билан таъминлаш, шунингдек, хорижий мижозларни топиш, маҳаллий маҳсулотларни илгари суришнинг мавжуд бўлган воситаларидан фаол фойдаланиш орқали янги истиқболли бозорларга чиқишни назарда тутган ҳолда экспортчилар билан яқиндан ҳамкорлик қилиш муҳимлиги таъкидланди.

Мавзуга оид