Ўзбекистон | 08:28 / 29.12.2020
4593
2 дақиқада ўқилади

Фарғона туманида кўмир саноати ривожлантирилади — Ҳукумат қарори лойиҳаси

Фарғона тумани саноати ва экспорт салоҳиятини янада кенгайтириш, мавжуд табиий ресурслардан ҳамда ер қаъри участкаларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсад қилинган.

Вазирлар Маҳкамасининг “Фарғона вилояти Фарғона туманида кўмир саноатини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди

Фарғона вилояти ҳокимлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг Фарғона туманида кўмир саноатини ривожлантириш борасидаги таклифи маъқулланиши мумкин.

Фарғона вилояти ҳокимлиги, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси кўмир саноатини ривожлантириш ва қўшимча иш ўринлари яратиш мақсадида “Great Silk Road Servis” масъулияти чекланган жамиятига Фарғона тумани Водил ҚФЙ ҳудудидаги кўмир маҳсулоти захираси мавжуд бўлган ер майдони ажратиб берилишини таъминлайди.

“Great Silk Road Servis” масъулияти чекланган жамияти инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида қуйидаги инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларнинг бажарилишини ўз зиммасига олади:

а) 2021-2022 йиллар давомида 5 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш орқали кўмир саноати кластери фаолиятини йўлга қўйиш;

б) кўмир кукунидан брикет ишлаб чиқариш цехи фаолиятини йўлга қўйиш;

в) камида 200 та янги иш ўрнини ташкил этиш.

Белгиланишича, қабул қилинган инвестиция мажбуриятлари бажарилмаган, ушбу қарорга асосан берилган ер участкаларидан оқилона фойдаланилмаган тақдирда ёхуд кимёвий ва радиоактив ифлосланишига, атроф-муҳитнинг бузилишига, республика ҳудудида карантин ўсимликлари ва объектларининг пайдо бўлиши ва тарқалишига олиб келувчи усуллардан фойдаланилганда ер участкасига эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқи қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ бекор қилинади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид