Қарорга мувофиқ, 2026 йил 1 ноябрдан бошлаб маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг кўмир маҳсулотлари биржа савдолари орқали сотилади. Аҳоли ва бюджет ташкилотларига етказиб бериладиган маҳаллий кўмир учун ягона тариф жорий этилади.
Шунингдек, «Кўмир таъминоти» МЧЖ томонидан интерактив портал ишга туширилиб, аҳоли ушбу тизим орқали буюртма бериши, кўмирнинг сифати ва нархи бўйича таклифларни таққослаши ҳамда етказиб бериш жараёнини кузатиши мумкин бўлади. Порталда тадбиркорларнинг рейтинги ҳам шакллантирилади.
Ижтимоий реестрга киритилган оилалар учун кўмир харид қилиш харажатларининг бир қисми моддий ёрдам сифатида қоплаб берилади. Бунинг учун ҳар бир тонна кўмир учун белгиланган меъёрлар асосида маблағ ажратилади.
Ҳужжатда маҳаллий кўмир ишлаб чиқаришни кўпайтириш, омборлар инфратузилмасини модернизация қилиш, импорт кўмир ҳисобини рақамлаштириш ҳамда аҳоли ва бюджет ташкилотларини куз-қиш мавсумида узлуксиз кўмир билан таъминлаш бўйича қатор қўшимча чора-тадбирлар ҳам белгиланган.











