Қайд қилинишича, бугунги кунда кўмир қазиб чиқарувчи хусусий тадбиркорлар сони 18 тага етди. 2023-2025 йилларда улар томонидан геология-қидирув ишлари кенгайтирилиб, 2,4 миллион тонна кўмир қазиб чиқарилди. Мазкур жараёнларга 117,2 миллион доллар хусусий инвестициялар йўналтирилди. Ангрен ва Шарғун кўмирларини аралаштириш ҳисобига иссиқлик электр станцияларига 1,5 миллион тонна импорт ўрнини босувчи, ёнувчанлиги юқори бўлган маҳаллий кўмир етказилди.

Тақдимотда кўмир нархларини шакллантиришни бозор тамойилларига ўтказиш масаласи кўриб чиқилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Амалдаги тартибда нархларни маъмурий белгилаш ишлаб чиқарувчиларнинг молиявий барқарорлигига, янги инвестиция киритиш ва қазиб чиқариш ҳажмини ошириш имкониятларига таъсир кўрсатаётгани қайд этилди.

Шу муносабат билан 2026 йил 1 июндан бошлаб кўмир нархларини давлат томонидан белгилаш амалиётини бекор қилиш ҳамда кўмирни давлат томонидан тартибга солинадиган ижтимоий аҳамиятли товарлар стратегик турлари рўйхатидан чиқариш таклиф қилинди. Бунда кўмир нархи талаб ва таклиф асосида шаклланади, истеъмолчиларга биржа савдолари орқали сотилади.

Ушбу ёндашув соҳада очиқ рақобат муҳитини яратиш, барча иштирокчилар учун тенг шароит таъминлаш, ишлаб чиқарувчиларни қўшимча ҳажм ва сифат учун рағбатлантиришга хизмат қилади. Иссиқлик электр станциялари ва йирик истеъмолчилар кўмирни «таклиф сўрови» тартиби асосида, ҳисобот давридаги ўртача биржа нархларида харид қилиши мумкин бўлади.

Аҳоли ва бюджет муассасаларини кўмир билан барқарор таъминлаш учун алоҳида механизм жорий этилади. Кўмир қазиб чиқарувчилар маҳсулотни биржа савдоларида алоҳида савдо майдончаси орқали етказиб берувчи тадбиркорларга сотади. Тадбиркорлар омборхонаси, техникалари ва солиқ рейтинги каби мезонлар асосида электрон тизим орқали танланади.

Республика бўйича аҳоли ва бюджет ташкилотларига етказиб бериладиган кўмир нархлари ўртасидаги тафовутни бартараф этиш мақсадида темир йўлда ташиш ягона тариф асосида амалга оширилади. «Кўмир таъминот» масъулияти чекланган жамияти фаолияти тугатилиб, ҳудудлардаги 96 та кўмир омбори ва техникалар аукцион савдолари орқали сотилади.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.