Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Мироб сув бермаяпти” – Фарғонадаги Чимён қишлоғида боғлар қурияпти
Фарғона тумани Чимён қишлоғи Қуйи арча маҳалласидаги адирликда боғ барпо қилган айрим тадбиркорлар сув муаммосига дуч келишяпти. Сув йўқ эмас, бор: махсус техникалар ёрдамида тепаликка сув чиқарилган, лекин минг машаққат билан дарахт кўкартирган одамларга шартномаси бор бўлса-да, сув берилмаяпти.
“Мироб Ш.И. ўзига қарашли одамларгагина сув беради холос. Биздан эса пул талаб қилади. Сув учун давлатга пул тўлаяпмиз-ку. Мироб ўз чўнтагини қаппайтириш учун биздан яна пул олишга ҳаракат қиляпти. Дарахтларимиз қуриб боряпти, додимизни эшитадиган кимса йўқ”, дейди мурожаатчилар.
Абдужалил Мамадиев адирликда 1,5 гектар ерни ўзлаштириб, 500 туп ўрик дарахти кўкартирган, энди эса сувсизликдан дарахтлари қуриётган экан:
“Фарғона тумани, Чимён қишлоғи Қуйи арча маҳалласидаги адирликни ўзлаштириб, 1,5 гектар ерда минг машаққат билан ўрик боғи яратдим. 500 туп ўрик дарахтини амаллаб кўкартирганман.

Энди эса сув муаммо бўляпти. Дарахтларимиз қуриб кетяпти. Энг қизиғи, сув йўқ эмас, бор, адирга мироб этиб тайинланган Ш.И. хоҳлаган одамига сув беради, хоҳламаган одамига бермайди. Шартномамиз бор. Сув солиғиниям ўз вақтида тўлаяпмиз. Мироб ўз чўнтаги учун биз боғбонлардан пул сўрайди. Пул берганларгагина сув беряпти. Ахир биз сув учун давлатга ўз вақтида тўловни амалга оширяпмиз-ку.

Масала юзасидан сув хўжалигига, насос станциялари марказларига, ички ишларга мурожаат билан чиқдик, ҳокимиятларга бордик. Лекин муаммо ҳал бўлмади.
Масалан, мен сув учун 4 йилда 8 миллион 200 минг сўм тўлов қилганман. Давлатга пул тўласам бўлди-ку, нима учун яна миробнинг чўнтаги учун ҳам яна пул беришим керак? Менга ўхшаб боғ яратиб дарахтларини суғора олмаётганлар талайгина. Миробга чора кўриб беринг, деб кирмаган ташкилот қолмади. Баҳордан то шу кунгача боғимни икки марта суғордим холос. Дарахтлар қуриб боряпти. Меҳнатимга ачиняпман.

Дарахтлар қуриб қолмаслиги учун ўзимиз 10 литр, 20 литр қилиб челаклаб сув ташиб қуйиб ҳам кўрдик. Шу ҳолатни кўриб ҳам мироб пинагини бузгани йўқ. Сув бер десак, у биз билан жанжал қилади. Давлатга пул тўлаганингиздан кейин у навбати билан сув бериши керак-ку.
Мироб сув берса, кўчат ораларига қора экин қилиш мумкин, лекин мана, ҳозир бекор ётибди. Помидор, ловия экиш мумкин, давлатга фойдаси тегадиган тирикчилик қилиб, иш қиладиган шароит қилса бўлади. Фақат мироб сув берса. Сув бермагани учун оддий дарахтимизни ҳам суғора олмаяпмиз.
Фарғона туманида Чимён қишлоғи аҳолисининг тирикчилиги ўрикдан. Қийналиб бир йилда бир марта ҳосил оламиз-да. Сув бериладиган бўлса, ўрикдан кўпроқ ҳосил олиш мумкин. Бошимизда шундай ташвиш бўлганидан нима қилишни, яна кимларга мурожаат қилишимизни билмаяпмиз”, дейди Абдужалил Мамадиев.
Тасвирга олиш жараёнида адирда мироб Ш.И. ни учратдик. У ҳолат юзасидан изоҳ беришни истамади.
Мавжуд муаммо юзасидан изоҳ олиш учун Сирдарё-Сўх ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси сув етказиб бериш давлат муассасаси директори Дилёр Йўлдошев билан телефон орқали суҳбатлашдик.
У муаммони назоратга олишини, дарахтларни суғориш учун давлат билан шартнома қилган боғбонларга сув, албатта, берилишини таъкидлади.
Мавзуга оид
18:06 / 01.07.2026
Фермерни сўкаётган ҳокимлар “дух”ни қаердан оляпти?
19:05 / 28.06.2026
“Хоҳлаган экинни экиш мумкин” – Янги тартиб фермерга нима беради?
11:30 / 25.06.2026
Қува тумани ҳокими ҳам фермерни ҳақоратлагани айтилмоқда
17:20 / 23.06.2026