Москва шаҳрида жорий йилнинг 25 декабр куни «Ўзмиллийбанк» АЖ делегациясининг «ВЭБ.РФ» Давлат тараққиёт корпорацияси ва «Росэксимбанк» АЖ раҳбарияти билан амалий учрашуви бўлиб ўтди.

Унда икки томонлама банклараро ҳамкорлик ва ШҲТ Банклараро бирлашмаси доирасидаги жорий йилдаги ҳамкорлик якунлари сарҳисоб қилинди, янги 2021 йилдаги истиқболли лойиҳаларни молиялаштириш режалари ва имкониятлар муҳокама қилинди.

«ВЭБ.РФ» Россия Саноат ва савдо вазирлигининг дастури доирасида имтиёзли субсидияланган молиялаштиришни таъминлаб, Россиянинг юқори технологияли ускуналарини мамлакатимизга етказиб беришни молиялаштириш билан боғлиқ қатор инвестиция лойиҳаларни амалга ошириш доирасида «Ўзмиллийбанк» АЖнинг стратегик шериги ҳисобланади. Банкнинг Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришдаги фаол иштироки ўзининг ижобий натижаларини бермоқда.

«ВЭБ.РФ» Давлат тараққиёт корпорацияси ва «Росэксимбанк» АЖ раҳбарияти билан субсидияли имтиёзли фоиз ставкасини ҳисобга олган ҳолда, қиймати 4,8 миллиард рублга тенг кредит линиясини очиш тўғрисида имзоланган келишувлар ушбу учрашув натижаси бўлди.

Жалб қилинадиган маблағлар доирасида Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобил йўллари қўмитаси, Тошкент шаҳар ва республикамизнинг 12 та шаҳарлари ҳокимлиги эҳтиёжлари учун 581 дона замонавий махсус йўл техникасини харид қилиш бўйича лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда шаҳарсозлик, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, шаҳар коммуникациялари сифати ва йўл тизимининг тегишли ҳолатини яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Йўл махсус техникасини янгилаш орқали ушбу кредит линиясини самарали ўзлаштириш республикамиз пойтахти ва унинг марказий ҳудудларини ободонлаштириш тадбирларини амалга ошириш имконини беради.

Шу билан бирга, «Ўзмиллийбанк» АЖ ва «Росэксимбанк» АЖ ўртасида илк маротаба шартнома имзоланиши, асосий вазифаси Россия Федерациясидаги корхоналарнинг экспорт операцияларига кўмаклашиш бўлган мазкур давлат институти билан ҳамкорликни фаоллаштиришнинг муҳим босқичи бўлди.

«Ўзмиллийбанк» АЖнинг «ВЭБ.РФ» Давлат тараққиёт корпорацияси ва «Росэксимбанк» АЖ билан самарали ҳамкорлиги республикамиз банк тизимининг янги кредит линияларини ривожлантириш ва сифатли хизматлар кўрсатиш имкониятларини кенгайтириш бўйича олиб борилган курснинг самарали давомидир.

Россия молия институтларининг рублдаги кредит линиялари жалб қилиниши ШҲТ Банклараро бирлашмасига аъзо банкларнинг ШҲТ ҳудудида миллий валюталардан фойдаланишни кенгайтириш масаласига Ҳамкорликдаги ёндашувлар бўйича келишувларни амалий бажарилиши ҳисобланади.