Иқтисодиёт | 14:10 / 29.12.2020
22647
2 дақиқада ўқилади

Президент табиий газ таъминотидаги монополия бекор қилинишини маълум қилди

Президент Шавкат Мирзиёев парламентга мурожаати давомида Ўзбекистонда сақланиб қолаётган монополияларни бекор қилиш ҳақида гапирди.

Президент товар ва молия бозорларида эркин рақобат муҳитини шакллантириш ҳамда тадбиркорларга хомашё сотиб олиш учун тенг имкониятлар яратиш зарурлигини таъкидлади.

«Ҳозирги кунда электр энергияси, газ, қимматбаҳо металлар, минерал ўғитлар, транспорт хизматлари каби йўналишларда монопол бозорлар мавжуд бўлиб, уларда кўплаб муаммолар сақланиб қолмоқда.

Шу ўринда бир масалага алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман. Иқтисодий фаоллик ва аҳоли даромадлари ўсгани сайин энергия ресурсларига бўлган талаб ортиб боради. Шунинг учун нефть-газ ва энергетика соҳаларидаги ислоҳотларни ва бошланган йирик лойиҳаларни якунига етказишимиз лозим.

Жумладан, 2021 йилда давлат ва хусусий электр станциялари, ҳамда истеъмолчилар ўртасида электр энергияси улгуржи бозорини шакллантириш бошланади.

Шунингдек, табиий газ таъминотида монополияни бекор қилиб, бозор механизмларини жорий этамиз. Бунда ишлаб чиқарувчи ва импортёрларга биржа орқали табиий газни сотиш, улгуржи истеъмолчилар эса газни сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади. «Ўзтрансгаз» компанияси эса фақат газни транспортировка қилади.

Суюлтирилган газ бозорида хусусий сектор иштирокини кенгайтириш мақсадида унинг импортига ўрнатилган божлар бекор қилинади», деди давлат раҳбари.

Мавзуга оид