28 декабр куни Кўксаройда мукофотларни топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда турли соҳа вакиллари иштирок этди. Мукофотлар мураккаб йилда фидойилик кўрсатган юртдошлар меҳнатининг эътирофи ва сарҳисоби ҳам бўлди.
Президент Шавкат Мирзиёев иштирокидаги тадбирларнинг аксарида давлат раҳбари муҳим масалалар муҳокамасига вақт ажратади. Галдаги тадбир ҳам шундай бўлди; президент расмий нутқ ва тақдирлашлар олдидан бугунги вазият, якунланаётган йил ва тадбир иштирокчиларига тушган масъулият ҳақида сўзлади.
«Синовлар жуда кўп бўлди, биз улардан тинмай меҳнат қилиб мардонавор ўтдик ва ғалаба қилдик. Сизларни ана шу ғалаба билан табриклайман. Пандемиядан қудратли бўлиб чиқамиз дегандим, мана бугун шу кунларга етиб келдик, кўз тегмасин.
Шифокорларга кўрсатган қаҳрамонликлари учун таъзим қиламан. Қуролли Кучлар, Миллий гвардия, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мард ва жасур ходимларининг хизматларини алоҳида қадрлаймиз», – деди президент.

Мукофотланганлар орасида тиббиёт ходимлари кўпчиликни ташкил қилди. Жами 86 кишидан 18 нафари – тиббиёт соҳаси вакиллари эди. Умуман, йил давомида соҳанинг 375 нафар ходими давлат мукофотлари билан тақдирланди.
Давлат раҳбари якунланаётган йил бўйича ҳам ўз фикрларини билдирди:
«Жуда мураккаб йил бўлди: пандемия, Олот ва Қоракўлдаги офат, Сардоба воқеаси, кўпчиликни йўқотдик... Кун эмас, соат санаб кутяпман, мана шу йилни эсон омон кузатиб олайлик, деб. Лекин шунга қарамай ўтаётган йил бўйича ношукрлик қилмайлик. Биз бир-биримизнинг қадримизга етишни ўргандик, ҳаётга бошқача кўз билан қарай бошладик», – деди Шавкат Мирзиёев.
Расмий тақдирлаш маросимида президент ҳар бир соҳа вакили – мукофот эгалари билан битталаб суҳбатлашди; суҳбатлар эшитилмаган бўлса-да, давлат раҳбари уларни янги марраларга руҳлантирганини сезиш қийин эмасди.
Тадбир якунида тақдирланганларнинг таассуротлари билан қизиқдик.





















