Жамият | 18:27 / 29.12.2020
12923
5 дақиқада ўқилади

Йил якунлари: Kun.uz водий жамоасининг 2020 йил сарҳисоби

Яна бир йил поёнига етиб бормоқда. Йил охирлар экан, анъанага кўра кўплаб жамоаларда фаолият сарҳисоби қилинади. Биз ҳам якунига етиб бораётган 2020 йилда Kun.uz'нинг водийдаги ижодий жамоаси томонидан тайёрланган мақола ва кўрсатувларнинг қисқача сарҳисобини қилиб кўрдик.

Тўрт фасл ичи Андижон, Наманган ва Фарғонани кезиб, воқеа-ҳодисаларни бериб боришга, мурожаатлар ортидан аҳоли муаммоларини ёритиб, масъулларга етказишга, оғир ҳолдаги беморларга хайрия акциялари орқали кўмаклашишга уриндик.

Ечим топган мурожаатлар

Аҳоли мурожаатларини ўрганиш давомида жойлардаги муаммоларни Kun.uz минбари орқали мутасаддиларга етказиш асосий мақсадимиз бўлди. Шукрки, мақолаларимиз кенг оммага тақдим қилингач, уларнинг аксар қисми ижобий ечим топди.

Хусусан, Қамчиқ довонидаги «Бургут» маскани эгаси, тадбиркор Амонжон Маткомилов Поп тумани ҳокими қарорларига ишониб, мазкур жойга катта миқдорда маблағ сарфлаб обод қилгач, туман ҳокими ўз қарорларига тескари қарорлар қабул қилгани оқибатида юзага келган вазият ҳақидаги мақоламиз ижобий якунланди. Норин тумани маъмурий судида адолат қарор топиб, тадбиркор ютиб чиқди.

«Тошлоқдаги қишлоқ «иккига ажралди» – Туман ҳокимининг ўзбошимча қарори оқибати қандай ҳал этилади?» сарлавҳали, Фарғона вилоятидан тайёрлаган материалимизга Тошлоқ тумани ҳокимлиги тез фурсатларда муносабат билдирди.

Тошлоқ тумани ҳокими А.Жўрабоевнинг қарорига асосан, Қумариқ маҳалласидаги 1-сонли касб-ҳунар мактабини Найман маҳалласидаги собиқ Тошлоқ қурилиш ва касб-ҳунар коллежи биносига кўчириб, бино ва иншоотларини тумандаги 50- ва 19-мактабларга бериб юборгани ҳақидаги мақолада кўтарилган масала ҳам қонуний ҳал этилди. Куни кеча мурожаатчилар билан яна учрашдик. Улар касб-ҳунар мактаби ўз жойида қолгани, қишлоқда улар билан суҳбат ўтказган туман ҳокими Қумариққа янги мактаб қуришга ваъда берганини билдирдилар.

Ўрганишимизга сабаб бўлган Андижон шаҳар Ҳамкорлик маҳалласи Айланма Ўш кўчасидаги, ярим асрдан зиёд аҳолига хизмат қилиб, афтодаҳол ҳолатга келган «Қаҳрамон симёғочлар» ҳақидаги мақоламиз ёдингиздами? Орадан уч кун ўтиб, маҳалла раиси Одинахон Мансурхўжаева камчиликлар тўла бартараф этилгани ҳақида хабар берганида биз ҳам улар билан тенг қувондик.

Андижон вилоятининг Марҳамат туманидан мурожаат йўллаган чорвадор Муҳаммаджон ота Исахоновнинг мурожаати эса туман ҳокимлиги 300 бош эчкисига озуқа етиштириш учун ер майдони ажратиб бермаётгани ҳақида бўлган эди. Ота ўтган ойда бизга видеомурожаат йўллабди. Унда чорвадорга туман ҳокимлиги томонидан озуқа етиштириш учун 6,5 гектар суғориладиган жойдан ер майдони ажратиб берилгани айтилади.

Худди шу мавзудаги мурожаат юзасидан Поп туманида наслли қорамол парваришлаётган Зайлиддин Қўшаловнинг мурожаати ҳам ижобий ҳал бўлди.

Хонобод шаҳридаги, олимпия чемпиони Руслан Нурудинов шуғулланган оғир атлетика залининг ҳокимият томонидан олиб қўйилиши билан боғлиқ видеомақола, UzAuto Motors’нинг тузатиб бўлмас нуқсони бор машинасини олган андижонлик Исмоилжон Ваҳобовнинг арзлари ҳам самарали ечим топди.

Ваъда берилди, аммо...

Шу ўринда, аҳоли мурожаати ва бизнинг ўрганишларимизга қуюқ ваъда бериб, камчиликни бартараф этишга ҳаракат қилмаган ҳокимлик ва мутасаддилар ҳам учради.

Жумладан, Наманган вилояти Янгиқўрғон туманидаги Нанай қишлоғида ҳалигача 20 минг одам ичимлик сувисиз яшаб келмоқда. Шу йилнинг январида туман масъули М.Мирсайдуллаев: «Жорий йил Нанай қишлоғи юз фоиз ичимлик суви билан таъминланади», деган эди.

Фарғона вилояти Фарғона тумани Тошқўрғоназиз маҳалласидаги ичимлик суви муаммосини ўрганиш жараёнида ҳам туман ҳокимлиги вакили 15 кун ичида аҳоли тўлиқ сув билан таъминлашини айтган эди. Афсуски, маҳалла аҳли ҳали ҳам сувга интизор.

Саховат

Саховатли ватандошларимиз хайрия қилган маблағлар билан оғир дардга чалинган кўплаб беморлар операция қилиниб, дарддан фориғ бўлди.

Балиқчи туман Жартепа маҳалласида яшовчи Камолахон Хонтўраеванинг 6 ёшли ўғли Иззатуллоҳнинг операцияси учун уюштирилган акция ва Андижон шаҳар Жумабозор маҳалласида тўшакка михланган Ҳаётбекнинг онаси Раънохон Ботированинг мурожаатидан сўнг ҳар иккала беморнинг ҳам даволаниши учун етарли маблағ йиғилди.

Йил давомида, шунингдек, водий вилоятларида ўтказилган байрамлар ва турли спорт мусобақаларидан баҳоли қудрат фото ва видеорепортажлар тайёрлаб, кенг оммага тақдим қилиб боришга интилдик. Водий табиати, тарихи, айниқса самимий ва тадбиркор инсонлари билан таништирувчи материаллар ҳам бериб бордик.

Биз янги йилда ҳам водий вилоятларидаги воқеа-ҳодисаларни холис, тезкор ёритишда давом этамиз. Kun.uz'ни кузатишда давом этинг.

Элмурод Эрматов, Kun.uz'нинг водий вилоятларидаги махсус мухбири
Тасвирчилар – Аҳрорбек Ёқубжонов, Жаҳонгир Маҳмудов

Мавзуга оид