Аҳоли муаммолари мундарижаси: Йил давомида Kun.uz'нинг Самарқанд филиали кўтарган мавзулар сарҳисоби
Яқинда Kun.uz'нинг Самарқанд ҳудудий филиали ташкил этилганига икки йил тўлади. 2019 йилнинг январь ойида ҳудудий бўлимда бир киши иш бошлаган бўлса, бугун техник ва ижодий ходимлар сони тўққиз нафарга етди. Шунга яраша жамоанинг ўқувчилар олдидаги вазифалари ҳам кенгайди.
Ҳудудий бўлим ходимлари турли шаклдаги ахборотлар тайёрлаш билан бирга, Самарқанд, Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё ва Жиззах вилоятидан келган мурожаатларни жойида ўрганиб, журналист суриштирувлари ўтказиб бормоқда.
2020 йил якунида ана шу мурожаатлар мазмуни, улар асосида эълон қилинган мақолаларни сарҳисоб қилишга қарор қилдик. Шу аснода ҳудудларда аҳолини асосан нималар қийнаётгани, қайси соҳада, қандай муаммолар ўз ечимини кутиб ётганини мутасаддилар эътиборига ҳам ҳавола этамиз.
Ҳудудий бўлим томонидан йил давомида 120га яқин журналист суриштирувлари эълон қилинди. Уларнинг 39 таси тадбиркорларнинг турли тўсиқларга дуч келаётгани ҳақидаги шикоятлари асосида экани ҳар қандай фуқарони ташвишга солади.
Яна ҳам ачинарлиси, қатор тадбиркорлар ўз мурожаатида уларга шаҳар ёки туман ҳокимлиги ёхуд суд ва назорат органлари таъсирида тўсқинлик бўлаётганини маълум қилишган.
Одатда фуқаролик жамиятида ҳар қандай тўсиққа дуч келган тадбиркор ўз ҳуқуқини тиклаш учун судга мурожаат этади. Аммо ўрганишлар жараёнида суд маҳкамаларида ҳам тадбиркорнинг муаммоси ечимини топмаган ҳолатлар ҳам бир неча бор учради.
Тадбиркорлар дуч келаётган муаммога мисол сифатида Қашқадарёдаги «SULTON TEX GROUP» хусусий корхонаси фаолиятига айнан давлат бошқарув идоралари томонидан тўсиқ қўйилгани юзасидан «Қашқадарёда илғор кластер тугатилмоқда. Бу – «катталар»нинг ноқонуний талабини бажармаганлик учун жазоми?» сарлавҳали мақолани келтириш мумкин.
Бир йилда Қарши туман бюджетига йилига 28 млрд сўмдан ортиқ солиқ тўлаган (минглаб иш ўрни яратаётган, ўн миллионлаб долларлик экспорт қилган) корхона муаммолари афсуски йил давомида давом этди, тадбиркор узоқ вақтини суд ва бошқа жараёнларда ўтказишига тўғри келди.
«Муборак ҳокимига Олий суддан юқорироқ орган қарори керак. Ёхуд Жавлиев бир йил кейинги воқеаларни олдиндан сезган(ми?)» (ҳавола) ҳамда «Қаршида тадбиркорлик бошлашнинг қандай «қоидаси» бор? Америкадан қайтиб сарсон бўлаётган тадбиркор ҳасрати» (ҳавола) сарлавҳали мақолаларда ҳам айрим ҳудудларда тадбиркорлик бошлаш ёхуд давом эттириш қанчалик мушкул бўлаётганига гувоҳ бўласиз.
Мазкур мурожаатларнинг катта қисми Қашқадарё вилоятидан тушаётганини ҳисобга олиб, вилоят раҳбариятини туман ва шаҳарларда тадбиркорликка муносабатни таҳлил қилишга ундаган бўлардик. Худди шундай, йил давомида бухоролик тадбиркорларнинг муаммолари имкон қадар ёритилди.
Аста секин камайиб бораётган муаммо – давлат ва жамоат эҳтиёжи учун бузилган бинолар учун тўланадиган компенсация. Муаммо бу йил нисбатан камроқ бўлса-да, ҳамон бор. Бу борада кўпроқ Сурхондарё вилоятидан мурожаатлар келмоқда.
Жумладан, «Битим бор, пулдан дарак йўқ: Музработда тадбиркорларга компенсация тўлаш пайсалга солинмоқда» сарлавҳали мақолада 2019 йилдан бери ўз мулки учун компенсация ололмаган музработлик тадбиркорлар муаммоси ҳикоя қилинган. Худди шундай муаммо бўйича Узун туманидан ҳам мурожаатлар бўлди.
Ўрганишлардан маълум бўлмоқдаки, бугунги кунда тадбиркорларни қийнаб келаётган яна бир энг катта муаммолардан бири – аукционда ғолиб бўлиб, ютиб олган ўз ерларига эгалик қила олмаслиги экан.
Аслида, ҳозир тадбиркорлик учун ер олишнинг ягона йўли бу – аукцион. Аммо аукционда ғолиб бўлиб ҳам ерга эгалик қила олмаслик, энг ташвишли масалалардан биридир.
Холбуки, аукцион орқали ер бериш тартиби соҳани бутунлай коррупция иллатидан тозалаши керак эди. Бу тартиб тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун фуқаролар ҳокимларнинг раъйига қараб қолмаслиги учун ишлаб чиқилган. Бироқ айрим маҳаллий раҳбарлар ҳалол ва соғлом бу тартибга ҳамон кўника олишмаяпти.
Жумладан, Иштихон машина-трактор паркини онлайн аукционда ютиб олган ғолиб у ерга кира олмасдан сарсон бўлаётганини бир неча бор ёритишга тўғри келди.
Самарқанд ва Жиззах вилоятидан бу йил кўпроқ фермер хўжаликлари ечим тополмаётган муаммолари юзасидан мурожаат қилишмоқда. Навоийдан эса кўп қаватли уйлардаги муаммолар кўпроқ аҳолини қийнаётгани маълум бўлди.
Қишлоқ ҳудудлардан йўлланаётган мурожаатларнинг деярли барчасида учта муаммо албатта санаб ўтилмоқда – йўл, табиий газ ва эскирган электр тармоқлари.
Мазкур уч муаммо борасида бирорта ҳудудни ажратиб кўрсатмаган бўлардик. Чунки бирор бир туман йўқки, унда 60 йилларда ўрнатилган симёғоч ва тармоқлар тўлиқ алмаштирилган бўлса.
Бугунги кунгача етарли эътибор қаратилмаган бу масалани тўлиқ ҳал қилиш учун афтидан, маҳаллий бюджет ва тегишли ташкилотларда етарли маблағнинг ўзи йўқ. Ички йўллар масаласида ҳам худди шундай дейиш мумкин.
Табиий газ, умуман иситиш муаммосининг қай даражада эканини эса бу йилги қорли-қировли кунлар бошидаёқ барчамиз кўрдик...
Ана шу муаммолар акс этган мурожаатлар йил давомида Яккабоғ, Касби, Қўшработ, Жомбой, Жондор, Нишон, Ғузор, Сариосиё, Хатирчи туманлари мисолида ёритилди.
Шунингдек, куз-қиш мавсумида туман марказлари ва шаҳарларда ҳам энг кўп мурожаатлар иситиш тизими билан боғлиқ. Табиий газ танқислиги ва электр энергияси таъминотидаги зўриқишлар сабаблари мутахассислар иштирокида таҳлил этилди. Хулоса шуки, шаҳарларда токи иссиқлик таъминоти қайта тикланмас экан, газ ва электр танқислигига барҳам бериш амри маҳол.
Узоқ йиллар ташлаб қўйилган иссиқлик манбайи тизимини қайта тиклаш эса улкан маблағ талаб этади. Истиқболли биргина йўл – замонавий локал қозонхоналар орқали иссиқликни тиклаш ва натижада электр ва газ таъминотидаги зўриқишларга ҳам барҳам бериш бўлиб турибди.
Фирибгарлик, жиноятчилик, ижро ҳаракатлари сустлиги, умуман, ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолияти билан боғлиқ мурожаатлар ҳам эълон қилиб борилди.
Жумладан, «Денов автошоҳбекатининг терговчи уйдирмалари асосида қамалган раҳбарлари оқланганидан кейин ҳам ишига қайта олмаяпти» сарлавҳали мақола юзлаб ўқувчиларнинг муҳокамаларига сабаб бўлди.
Миришкор туманидаги Помуқ қишлоғи аҳлининг чорва ўғирлигидан шикоят асосида суриштирув, «Каттақўрғонда фуқарони бир нечта жойидан пичоқлаган шахс баданга енгил шикаст етказганлик билан айблангани, Ургутда ИИБ ходимининг ноҳақ ҳаракати оқибатида зарар кўрган фермер каби ўрганишлар ўқувчилар эътиборини тортди. Бундай мавзудаги ўрганишлар йил давомида олиб борилди.
2020 йилда хусусий миграция корхоналари устидан шикоятлар бир неча бараварга кўпайди ва бу ҳақда ҳам йил давомида ўрганишлар олиб борилди. Умуман, хусусий миграция корхоналари билан боғлиқ шикоятлар бу йил бутун мамлакат бўйича янграганига гувоҳ бўлдик. ОАВда бу муаммо қайта қайта кўтарилгач, тегишли қонунчиликка ўзгартишлар киритилди.
Юқорида қишлоқ йўллари аҳволига тўхталдик. Таассуфки, айрим ҳудудлардан марказий йўллар сифати борасида ҳам шикоятлар кўпаймоқда. Жумладан, айнан йўл муаммоси туфайли фожиа чиққан ҳолатларга ҳам гувоҳ бўлдик.
Яна бир энг оғриқли муаммолардан бири. Юртимизнинг қўшни давлатлар билан чегара ҳудудларда табиийки қадимдан қуда-андачилик чегара ошиб ҳам давом этаверган. Аммо замонлар ўзгариб, қўшни давлатдан келин бўлиб келиб, умр бўйи тегишли ҳужжат ололмай сарсон бўлганлар ҳам бўлди. Ўтган йиллар давомида ана шу мазмундаги мурожаат ҳам бўлди.
Жумладан, Ургут тумани яшовчи аёл мурожаати бўйича эълон қилинган «Биргина қайд асири: Ургутда 34 йилдан бери яшаб, фуқаролик паспорти ололмаётган 8 боланинг онаси» номли мақола мисолида худди шу каби ўнлаб оилалар тақдирини кўриш мумкин.
Эътиборлиси, шунча йил давомида азобда яшаган бу оиланинг муаммоси мақола эълон қилингач, бир зумда ҳал этилди. Бу эса бизни хурсанд қилмасдан қолмайди.
Умуман олганда, аслида муаммони ёритишдан мақсад ҳам шу – жамоатчилик эътиборини жалб қилиб, ечим топиш. Қолаваерса, мутахассислар ёрдамида муаммолар ечимига таклифлар бериш.
Қисқа қилиб айтганда, Kun.uz'нинг Самарқанд филиали жамоаси кўтариб чиқиладиган мавзуларни танлашда унинг долзарблиги ва кўпчиликка нафи тегишини ҳисобга олинди.
Муайян бир шахс, масалан якка тадбиркорнинг муаммоси ёритилган ҳолатлар ҳам, ўхшаш мазмундаги мурожаатлар кўплигидан келиб чиқсак, аслида тизимли муаммолар борлигига ишора қилади.
Шуҳрат Шокиржонов,
муҳаррир, Kun.uz таҳририяти бўлим бошлиғи.
Мавзуга оид
08:10 / 21.11.2024
Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятини ривожлантириш юзасидан йиғилиш ўтказди
08:51 / 20.11.2024
Тўрт туманда 614 млн сўмлик электр ва газдан ноқонуний фойдаланилгани аниқланди
13:49 / 14.11.2024
Самарқандда ўқувчи автобус уриб юбориши оқибатида ҳалок бўлди
09:28 / 08.11.2024