Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров 2020 йилда Ўзбекистон аҳолисининг бирон қатлами қашшоқликка тушмаганини маълум қилди. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўртасида ушбу масала кенг муҳокама қилинди. Kun.uz вазирликка бир нечта савол билан мурожаат этди.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликка қарши курашиш вазирлиги департаменти директори Илҳом Маматқулов камбағаллик ва қашшоқлик терминлари ўзаро фарқланиши, Ўзбекистонда камбағалликка қарши курашиш чора-тадбирлари ҳақида маълумот берди. Маматқулов Kun.uz йўллаган саволларга қуйидагича жавоб берган.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликка қарши курашиш вазирлиги департаменти директори Илҳом Маматқулов

Камбағаллик ва қашшоқлик тушунчалари Ўзбекистонда қандай изоҳланади?

Ўзбекистон тарихида илк бор камбағаллик масаласи 2020 йилнинг 24 январида Ўзбекистон Республикаси президентининг Олий Мажлисга мурожаатномасида кўтарилиб, мазкур мавзу ижтимоий-иқтисодий сиёсатнинг асосий кун тартибига айланди.

Аҳоли ўртасида ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам пулини тўлаш ёки уларнинг миқдорини ошириш орқали ушбу муаммони ҳал этиш мумкин, деган фикр мавжуд. Бу – бир томонлама ёндашув бўлиб, муаммони тўла ечиш имконини бермайди. Зеро, камбағалликни камайтириш – бу аҳолида тадбиркорлик руҳини уйғотиш, инсоннинг ички куч-қуввати ва салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, янги иш ўринлари яратиш бўйича комплекс иқтисодий ва ижтимоий сиёсатни амалга оширишга қаратилган бўлиши лозим. Бундан ташқари, камбағалликдан чиқиб кетиш учун энг муҳим омил – бу инсоннинг интилиши, ўз кучига таянган ҳолда, аниқ мақсад сари ҳаракати бўлиши керак.

Мамлакатимиз раҳбарининг кўрсатмаларига биноан камбағалликни қисқартиришнинг аниқ дастак ва механизмларини ишлаб чиқиш, хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда камбағаллик даражасини аниқлаш мезонлари ва баҳолаш услуби, ижтимоий таъминотнинг минимал стандартлари ва меъёрий асосларини пухта ишлаб чиқиш мақсадида қисқа муддатларда Жаҳон банки, БМТ Тараққиёт дастури, Осиё тараққиёт банки каби халқаро ташкилотларининг 14 нафар эксперти жалб қилинди.

Мазкур экспертлар билан биргаликда юқоридаги вазифаларни ўзида қамраб олган «2021-2023 йилларда Ўзбекистон Республикасида камбағалликни қисқартириш концепцияси» лойиҳаси ишлаб чиқилган. Ҳозирда ушбу ҳужжат лойиҳаси ўрнатилган тартибда тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси президенти администрациясига тасдиқлаш учун киритилган.