09:20 / 08.01.2021
3308

Boeing компанияси 737 Mах атрофидаги можарони ҳал қилиш учун 2,5 миллиард доллар тўлайди

Фото: AP

Boeing компанияси 737 Mах самолётлари иштирокида юз берган ва 346 кишининг ўлимига олиб келган иккита авиаҳалокат иши доирасида ўзига қўйилган айбловларни ҳал қилиш учун 2,5  млрд доллар тўлашга рози бўлди.   

Келишув ўз ичига 243,6 млн доллар жарима, мижозларга 1,77 млрд доллар товон пули тўланиши ва авиаҳалокатлар қурбонлари яқинлари, меросхўрларига товон пули тўлаш учун 500 млн долларлик жамғарма ташкил этилишини ўз ичига олади.  

Boeing суд ҳужжатларида икки нафар техник учувчиси АҚШнинг Фуқаро авиацияси федерал бошқармасига (FAA) самолётларда авиаҳалокатларга олиб келган MCAS тизими бўйича ёлғон ахборот берганини тан олган. 

“Lion Air ва Ethiopian Airlines авиакомпаниялари самолётларининг ҳалокати тижорий самолётлар ишлаб чиқарувчи етакчи компаниялардан бири ходимларининг фирибгарлиги ва алдовини фош қилди”, деб айтган АҚШ бош прокурори вазифасини бажараётган Дэвид Бернс. Унинг таъкидлашича, Boeing ходимлари 737 Mах самолётлари ҳақидаги муҳим ахборотни FAA’дан яшириб, ростгўйлик ўрнига даромадни афзал кўришган. 

Boeing ижрочи директори Дэвид Калхун ушбу келишув “компания ўз қадриятлари ва ишончни оқлай олмаганини тан олишини кўрсатишини” айтган. 

Ушбу авиаҳалокатлардан кейин 2019 йил мартидан бутун дунёда Boeing-737 Mаx самолётлари парвозлари тўхтатилганди. Самолётлар атрофидаги инқироз уларга кўплаб буюртмаларнинг бекор қилиниши ва компания учун кўп миллиардлик зарарга олиб келган. Boeing компанияси 737 Mах самолётларига тегишли ўзгартиришларни киритгач, 2020 йил июнда АҚШ расмий идоралари ушбу самолётлар парвозларини тиклаш учун уларнинг синовларини ўтказишга рухсат берган. Синовлар муваффақиятли ўтгач, АҚШда 29 декабрдан 737 Mах самолётларидан яна фойдаланиш йўлга қўйилган. 

Top