Якшанба куни қирғизистонлик сайловчилар референдумда бошқарувнинг президентлик шакли учун ҳам овоз беришди - бу вариантни сайловда қатнашганларнинг 81 фоизи қўллаб-қувватлашган.

Намойишлар вақтида ўз тарафдорлари томонидан колониядан озод қилинган Жапаров (у давлат мулозимини гаровга олиш иши бўйича ишда айбланиб 11,5 йилга қамалган) кутилмаганда аввалига намойишлар етакчисига айланди, кейин бош вазир ва президент вазифасини бажарувчи бўлди.

Таҳлилчилар у сайловларда ғалаба қозонишига шубҳа қилишмаётганди, сўровномалар Жапаров яққол фаворит эканини кўрсатган, унинг яқин тарафдорлари амалдаги ҳукуматда муҳим лавозимларни эгаллашганди.

Вашингтондаги миллий мудофаа университети таҳлилчиси, профессор Эрика Маратнинг фикрича, 10 январ кунги сайловларни легитим деб аташ қийин, бундан ташқари, сайловларни ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинганидан бери атиги икки ой ўтган.

«Бу муддатидан олдинги сайловлар бўлгани ва сайловларнинг тайинланиши процессуал жиҳатдан Конституция ёки қонунларга тўғри келмаслигини ҳисобга олсак, буни шунчаки Жапаров ва унинг тарафдорлари томонидан унинг президентлигини қонунийлаштиришга бўлган уринишнинг давоми дейиш мумкин», деб ҳисоблайди у.

Жапаров - қирғизларнинг Трампими?
Жапаровнинг машҳурлашиши ва бирданига ҳокимият тепасига келиши (у қамоқдан чиқишидан беш кун ўтиб бош вазир курсисини эгаллади) кўпчилик учун сюрприз бўлди, аммо унинг жамоасидагилар учун эмас.

Тарафдорлари Жапаровни кўп адолатсизликларни бошдан кечирган сиёсатчи сифатида гавдалантиришди. Қамоқда ўтган уч йил мобайнида Жапаров чиндан ҳам жиддий синовларга дуч келди: аввалига уни муваффақиятсиз чиққан суиқасддан кейин қонга беланган ҳолда топишди, кейин у қамоқдалигида отаси, онаси ва ўғли вафот этди.

Бундан ташқари, тарафдорлари у мамлакатдаги йирик «Қумтор» олтин конини миллийлаштириш талабини қўйгани учун сиёсий таъқибга учраганини таъкидлашади. Қамоқхонадан йўллаган видеомурожаатларида у кескин мавзуларда гапирар ва амалдаги ҳукуматни очиқчасига танқид қиларди. Натижада, унинг ҳукумат томонидан эзилган жафокаш қиёфаси янада мустаҳкамланди.

Жапаровнинг тарафдорлари уни қўллаб-қувватлаш учун ўтказилган митингда / AFP

«Бирин-кетин хатоларга йўл қўйган президент ва ҳукумат билан таққосланганда қамоқ камераси унинг учун ўзига хос капсула вазифасини ўтади ва бу вазиятда у ютуқли позицияда эди», дея қайд этади сиёсий шарҳловчи Азим Азимов.