Ўзбекистонда ҳозирда 15 минг нафарга яқин инсон эшитиш қобилиятида туғма ёки орттирилган заифлик билан яшамоқда. Улар орасида болалар ҳам анчагина.
«Zamin» фонди эшитиш қобилияти заиф болалар учун таълимни ривожлантириш дастурини тақдим этди. Лойиҳа доирасида жарроҳлик амалиёти йўли билан ўқувчиларнинг эшитиш қобилиятини тиклаш устида иш олиб борилади. Ҳар йили 30 нафар мактаб ёшидаги болага имплантация учун жарроҳлик амалиёти бепул ўтказиб берилади.

2020 йил июн ойида бошланган дастур ҳозирга қадар 36 нафар болани товушлар дунёсига қайтарди – уларнинг эшитиш қобилияти тикланди.
Мақоламиз қаҳрамони Исмоил Равшанов ҳам шулар сирасида. 6-синфда ўқиётган Исмоил 2020 йилнинг март ойида заҳарланиш оқибатида эшитиш қобилиятини йўқотган эди.
– Операциядан олдин ҳеч қандай товушни эшитмасдим. Қулоғим шиғиллаб тураверарди. Бу жуда ҳам оғир... Гапиришса-ю, мен эшитмай қолсам, жуда ҳам хафа бўлардим. Бир ўзим қолишни хоҳлардим. Ўзимга ўзим савол берардим, энди қандай қилиб ўқийман деб.
Кейин эса операция қилишди, қулоғимга аппарат қўйилди ва мен яна товушларни эшита бошладим. Шундан кейин жуда ҳам хурсанд бўлдим. Энди ҳеч қачон хафа бўлмайман, йиғламайман ҳам. Аллоҳга ҳамд айтаман, алҳамдулиллаҳ. Эшитиш жуда катта неъмат экан, мен аввал бунинг қадрига етмаган эканман. Ҳозир олдинги ҳолатимга қайтдим, – дея ўз хурсандчилигини ифодалайди Исмоил.
Исмоилнинг онаси Нозима Тожибоева ўғлининг операциягача ва ундан кейинги ҳаёти ҳақида гапириб берди.

– Ўтган йилнинг 2 март куни ўғлимда заҳарланиш кузатилди. Юқумли касалликлар шифохонасига олиб бордик, лекин улар бу бизнинг касал эмас, деб қайтариб юборишди. Таҳлилларни топширгунимизга қадар ҳолати ёмонлаша бошлади. Бошқа касалхонага боргунча жуда оғир аҳволда эди – юраги тўхтаган, қон босими тушиб кетганди. Аввал реанимацияга, кейин комага тушиб қолди. Заҳар қонига ўтиб кетган экан. 8 кун комада ётди. Оёқ-қўли ҳам ишламасди.
















