Бошқа кўплаб давлатлар каби Хитой ҳам коронавирусга қарши вакцина яратиш пойгасига қўшилган. Ҳозирга келиб уч фармацевтик фирма: Sinopharm, Sinovac ва CanSino компаниялари вакциналарининг истиқболи порлоқ дея баҳоланмоқда.

Яқин кунларгача бу уч компания препаратларининг иккинчи ва учинчи фазада ўтказилган синовлардаги самарадорлиги ҳақида кўп нарса маълум эмасди. 2020 йил охирига келиб Хитой ҳукумати Sinopharm компаниясининг вакциналари бозорга чиқарилишига рухсат берди ва компания ўз вакцинасининг самарадорлиги ҳақидаги маълумотларни ошкор қилди – 79 фоиз.

Ҳозирга келиб Sinopharm вакцинаси билан бир миллиондан ортиқроқ одам эмланган бўлса-да, бу ё синовлар учун ёки ёзда ҳукумат рухсат берган фавқулодда ҳолатларда қўлланади, холос. Энди эса, афтидан, вакцинага расман «яшил чироқ» ёнди. Фақат бир шарти бор: Хитой фармацевтик маҳсулотлар давлат бошқармаси муовини Чен Шифейнинг сўзларига кўра, фақат юқори даражадаги рискка мойил гуруҳда қўллашга изн бор.

Бир вақтнинг ўзида Хитой оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда Ғарбда тасдиқдан ўтган вакциналар самарадорлиги ва хавфсизлигига нисбатан шубҳа уйғотиш кампанияси бошланиб кетди. Хусусан, BioNTech ва Pfizer компаниялари ўзлари ишлаб чиққан вакцинанинг хавфини яширишяпти. Давлат телеканалларининг машҳур бошловчиларидан бири бу ҳақда ҳатто Твиттерда ҳам ёзиб чиқди.

Хитой фармкомпаниялари ўз вакциналарига зарур компонентларни Fosun Pharma фирмаси орқали айнан BioNTech ва Pfizer компанияларидан сотиб олишяпти. Ғарб вакциналарини обрўсизлантириш маҳаллий вакциналарнинг анча камтарона ютуқларидан эътиборни чалғитиш учун қилинаётган бўлса ажабмас. Хитой фармконцернлари томонидан эълон қилинган маълумотлар улар ишлаб чиққан вакциналар самардорлиги ғарблик рақобатчиларникидан пастроқ эканига далолат қиляпти.

Хитой вакциналари ҳақида нималар маълум?