«Carrefour» супермаркетлари бошқарувчиси – «Majid Al Futtaim Hypermarkets» масъулияти чекланган жамияти устав фондидаги барча улуш Бирлашган Араб Амирликларидаги «Majid Al Futtaim»га тегишли, деб маълумот берди супермаркет тармоқлари ахборот хизмати.

«Majid Al Futtaim» (БАА) – Франциянинг «Carrefour» чакана савдоси франшизасига эга бўлиб, Яқин Шарқ, Африка ва МДҲ каби 30дан ортиқ мамлакатларда эксклюзив ҳуқуқларга эга. Бугунги кунда компания дунёнинг 17 мамлакатида 320та дўконни муваффақиятли бошқариб, ҳар куни 750 000дан ортиқ мижозга хизмат кўрсатмоқда», – дейилади расмий баёнотда.

Айни пайтда Ўзбекистонда 3та «Carrefour» савдо дўкони фаолият кўрсатмоқда. Аслида, «Majid Al Futtaim» Ўзбекистонда 7та «Carrefour» савдо дўконини ишга туширишни режалаштирган. БАА компанияси режалаштирган Ўзбекистондаги барча савдо нуқталари «Akfa Group» эгалик қиладиган биноларда очилиши айтилганди. Бу бўйича 2019 йил октябрда «Akfa Group» ва «Majid Al Futtaim» ўзаро шартнома ҳам имзолаган.

2021 йили 7 январ куни эса «Majid Al Futtaim» ва «UzOman» стратегик ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиши ҳақида хабар тарқалди. Таъкидланишича, ушбу узоқ муддатли шериклик доирасида иккала компания ҳам ўз имкониятлари ва тажрибаларини бирлаштириб, мамлакатда замонавий чакана савдони ривожлантириш, Ўзбекистон иқтисодиёти ва саноатига катта ҳисса қўшиш мақсад қилиб олинган.

«Majid Al Futtaim» Тошкентда иккита янги «Carrefour» гипермаркетини жорий йилнинг март-апрел ойларида ишга туширишни режалаштирган. Гипермаркетлар «UzOman»га тегишли бўлган энг йирик «Самарқанд Дарвоза» ва «Compass» савдо-кўнгилочар марказларида жойлашади.

Англашиладики, Ўзбекистондаги йирик савдо-кўнгилочар «Самарқанд Дарвоза» ва «Compass» марказлари маъмури – «Ўзбек-Ўмон инвестиция компанияси» МЧЖ ўз биноларида ижара ҳуқуқи асосида фаолият юритаётган «Makro» супермаркетлари билан тузилган шартномани бекор қилмай, ушбу нуқталарда «Majid Al Futtaim» компаниясига тегишли «Carrefour» супермаркетлари иш бошлашини маълум қилди.

2019 йили «Akfa Group» билан имзоланган шартномада барча – 7та дўкон ҳам «Akfa Group»га тегишли мулкларда жойлашиши ҳақида таъкид мавжуд эди.