14:41 / 10.02.2021
12061

Қўқон шаҳрида янги «city» ва Самарқандда гольф майдони. Корея компанияси Ўзбекистонга таклиф билдирди

Компания ижрочи директори Чои Мун Гью бошчилигидаги делегация жорий йилнинг 12-19 феврал кунлари Ўзбекистонга келиб, лойиҳалар бўйича музокараларни давом эттириши кутилмоқда.

Фото: Дунё АА

Қўқон шаҳридаги 34 гектар майдонда «Qo’qon-city» турар жой мажмуаси қурилади. Ушбу лойиҳани Жанубий Кореянинг «Hanshin Engineering & Construction Co., Ltd.» компанияси амалга оширади. Бу ҳақда Дунё АА хабар берган.

Таъкидланишича, Жанубий Корея компанияси вакиллари 2020 йил ноябрда Фарғонада бўлиб, уй-жой ички бозорини ўрганган. Хабарда лойиҳанинг бошланиши, қиймати ва бошқа маълумотлар келтирилмаган.

Бундан ташқари, «Hanshin Engineering & Construction Co., Ltd.» Самарқанд вилоятида умумий қиймати 800 миллион долларга тенг халқаро стандартларга мос келадиган гольф майдони қуришни режалаштирган.

Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун Самарқанд вилояти ҳисобидан 270 гектар майдон ажратилади. Бунинг 194 га қисмига гольф майдони ва унга ташриф буюрувчилар учун турар жой, 6 гектарга халқаро мактаб, 7 гектарга савдо-кўнгилочар марказ, шунингдек, 55 гектарга кўп қаватли уй-жойлар қурилиши режалаштирилган.

Компания ижрочи директори Чои Мун Гью бошчилигидаги делегация жорий йилнинг 12-19 феврал кунлари Ўзбекистонга келиб, лойиҳалар бўйича музокараларни давом эттириши кутилмоқда.

2020-2021 йиллар мобайнида Тошкент, Жиззах ва Самарқанд вилоятлари ҳудудларида гольф майдонлари барпо этилиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, 2019 йили Жиззах вилоятида гольф индустриясини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинганди.

Top