Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида 3 ёшли бола энага қарамоғида бўлган вақтида зўравонликка учрагани айтилмоқда. Ҳозир бола оғир аҳволда жонлантириш бўлимида даволанмоқда (таҳририятда боланинг аянчли аҳволда эканини кўрсатувчи видеолар мавжуд).
Маълум бўлишича, боланинг онаси тахминан икки ой давомида фарзандини энага қарамоғига қолдириб, ўзи ишлаган. Оила асли Нарпай туманидан. Боланинг отаси хорижда меҳнат қилади, онаси эса оилавий келишмовчиликлар сабаб Нарпайдаги уйидан кетиб, фарзандини Каттақўрғонда энагага қолдирган ҳолда кафеда идиш ювувчи бўлиб ишлаган.
Kun.uz’га тақдим этилган видеоларда боланинг танасида куйишга ўхшаш оғир жароҳатлар ва кўкаришлар акс этган. Шунингдек, болага нисбатан шафқатсиз муносабат қилингани кўринади. Воқеадан хабар топган қўшнилар ички ишлар органларига мурожаат қилган. Шундан сўнг бола шифохонага олиб борилган.
«3 яшар боланинг баданида соғ жойи йўқ»
Боланинг яқинларидан бирининг айтишича, воқеадан кейин ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга бир неча бор мурожаат қилинган. Аммо унинг сўзларига кўра, ҳолат бўйича тиббий экспертиза ҳам тайинланмаган.
«3 яшар боланинг баданида соғ жойи йўқ. Қўлларини сим билан боғлаб қўйган, сим изларидан қолган жароҳатлар йиринглаб кетган ҳаттоки. Қизиб турган электр плита устига болани ўтқазган, орқаси жуда чуқур, қаттиқ куйган. Одам боласи шундай қиладими? Ҳозир бола операция қилиниб, ўз терисидан олиб куйган жойларни ямашди шифокорлар. Лекин шу ваҳшийликни қилган одамга бирор чора кўрилмади шунча кундан бери. На ички ишлар, на прокуратура қарамади. Нарпайга ёзсам, Каттақўрғонда бўлган – уларга ёзинг дейди. Каттақўрғонга ёзсам жимжит. Охири Самарқанд вилоят прокуратурасига ёздик, уларданам бирор нажот бўлмади. Бир ҳафтадан ошяптики, ҳамма жим», — дейди у.
Боланинг яқинлари ҳозир унинг даволаниши билан бирга, унга ким ва қандай шароитда зўравонлик қилганига ҳуқуқий баҳо берилишини кутмоқда.
Бу биринчи ҳолат бўлмаслиги мумкин
Воқеа гувоҳларидан бири энага аввал ҳам бошқа болаларга қараганини ва унинг телефонида болаларга нисбатан зўравонлик акс этган видеолар бўлганини айтмоқда. Унинг сўзларига кўра, аёл боланинг сочини пинцет билан юлиб, бу ҳолатни телефонга тасвирга олган.
«Шунчалик азоб берганки, боланинг сочини пинцетда битталаб юлиб шахсий телефонига видеога олган. Бу аёл аввал ҳам болаларга қараган уйида, бошқа болаларниям шундай ҳолга солган. Лекин ҳеч ким индамаган, телефонида болачаларнинг калтак оқибатида қонга беланган ҳолатлари тасвирга олинган. Фарзандидан хабар олгани келган ота-оналарга боласи уларни кўрса йиғлашини айтиб дарвозани очмас экан. Баъзи ота-оналар шунинг учун ҳам боласининг аҳволидан бехабар бўлган», - дейди гувоҳ.









