Самарқандда ЙПХ ходимининг ҳаётини хавф остида қолдирган ҳайдовчига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олинди. Бу ҳақда ЙҲХХ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 5 август куни Регистон кўчасида хизматдаги ходим йўл белгисига амал қилмасдан ҳаракатланиб келган Spark автомобилини тўхтатган. Ходим ҳайдовчидан тегишли ҳужжатларини тақдим этишини сўраганида, ҳайдовчи ходимнинг қонуний талабини бажармаган.

Шундан сўнг, йўл-патрул хизмати инспектори такроран ҳайдовчидан тегишли ҳужжатларини сўраб, қўл узатган вақтда, ҳайдовчи ойнани «қасддан ёпиб», машинани ҳайдаган ва маълум масофагача уни судраган.

Тезкор қидирув ҳаракатлари давомида мазкур транспорт воситаси ва унинг ҳайдовчиси аниқланиб, қўлга олинган.

Ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳайдовчи эса процессуал тартибда қамоққа олинди.