Президент Шавкат Мирзиёев Наманганга ташрифи чоғида шаҳарнинг «Бунёдкор» маҳалласида бўлиб, у ердаги инфратузилма учун масъулларни танқид қилганди.

Эртасига вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов шу маҳаллага кўчиб ўтишини эълон қилди. Kun.uz мухбирининг хабар беришича, айни пайтда маҳаллани ободонлаштириш ишлари бошланиб кетган.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати​

«Ҳар куни ўзим шу ерда бўламан. Уйим шу маҳалла идорасининг рўпарасида бўлади. Бугун контейнер ўрнатилади. «Вилоят ҳокимининг уйи» деб катта қилиб ёзиб қўяман. Шу ерга келиб, нима гап бўлса, [мурожаат қилишинглар мумкин].

Маҳалла раисини ҳам алмаштираман. Маҳалла раислигига тушунган, келажакда ҳоким бўладиган болаларни қўяман. Чунки маҳалла раиси қайси масала қандай ҳал этилишини билиши керак: йўл қаердан ҳал бўлади, сув қандай ҳал бўлади, мактабни қандай яхшилаш керак, қандай қилиб ишлаб чиқариш қилса бўлади... Ёнимда турадиган одам бўлиши керак», – деди Шавкат Абдураззоқов 20 феврал куни аҳоли олдидаги чиқишида.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати
Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Айни пайтда маҳаллада ерларни текислаш, электр тармоқлари тортиш, ободонлаштириш ишлари бошланган. Маҳаллага тоза ичимлик суви келтирилади.

Вилоят ҳокимлиги узоқ йиллар давомида фойдаланишда бўлган чиқиндихона ёпилиши, маҳалла идораси эса қайта қурилишини маълум қилди.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати