Сўнгги йилларда бутун Ўзбекистон ҳудуди қурилиш майдонига айланди, десак, муболаға бўлмайди. Айниқса янги кўп қаватли уйлар қурилиши кўпайган. Уларнинг аксари аҳолининг турар жойга бўлган эҳтиёжини қондиришга хизмат қилаётган бўлса, фуқаролар ишончига кириб, алдов йўли билан уларнинг пулини олишни мақсад қилганлар ҳам йўқ эмас.
Янги квартира сотиб олишда қандай жиҳатларга эътиборли бўлиш керак? Бу борадаги саволларга тўлиқроқ жавоб олиш учун Тошкент давлат юридик университети Фуқаролик ҳуқуқи кафедраси доценти Қамбариддин Меҳмонов билан интервью ташкил қилдик.
– Фуқаролар янги қурилаётган кўп қаватли уйлардан сотиб олаётганда нималарга эътибор бериши керак?
– Ушбу ҳолатда қуйидаги масалаларга эътиборли бўлиш керак:
- янги қурилаётган кўп қаватли уйларнинг сотувчиси хўжалик юритувчи субъект сифатида давлат рўйхатидан ўтганми ва айни дамда мавжудми (тугатилмаганми)?
- қурилиш ишлари амалга оширилаётган ер участкасини ажратиш тўғрисида тегишли ҳокимликнинг қарори мавжудми?
- қурувчи фирма бозорда ўз ўрнига эгами?
- қурилиш лойиҳаси Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги «Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси» ДУК томонидан экспертизадан ўтказилганми? Қурилиш ишлари мазкур лойиҳа ва экспертиза хулосаси асосида амалга оширилмоқдами?
Шунингдек, истеъмолчилар шартноманинг турига эътибор бериши керак. Сотувчи ва сотиб олувчи ўртасида қуйидаги шартномалардан бири имзоланиши мумкин:
- инвестиция шартномаси;
- улушли қурилиш шартномаси;
- ипотека шартномаси;
- уй жой олди-сотди шартномаси.

Фуқаролар янги қурилаётган кўп қаватли уйдан квартира сотиб олишдан аввал юрист маслаҳатини олишса ҳам зарар қилмайди. Шунингдек, улар қуйидаги саволларга жавоб топишлари тавсия этилади: сотиб олмоқчи бўлган уй-жойингиз ҳақиқатдан ҳам дахлсиз ерда қурилганми-йўқми, ҳуқуқий асос мавжудми, яқин келажакда бузилиши режалаштирилган ҳудудга тааллуқлими-йўқми, сизга сотаётган шахс шундай ваколатга эгами, фирибгарлик аломатлари мавжуд эмасми, аввал ҳам ушбу шахсдан харид қилганлар мавжуд бўлса, уларнинг тақдири қандай кечди, каби очиқ саволларга жавоб олишингиз зарур.






