2 март куни Нарпай туман ҳокимлиги ахборот хизмати томонидан ҳокимликнинг телеграмдаги расмий каналида туман электр тармоқлари корхонаси номидан эълон берилди. Унда, тизимда қувват етишмаслиги сабабли туман ҳудудида 1 мартдан 15 мартгача эрталаб ва кечки пайт электр энергияси узатишда чекловлар ўрнатилиши маълум қилинган. Эълонга Нарпай туман электр тармоқлари бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи Мирзоҳид Тоғаевнинг исм-шарифи ва имзоси қўйилган хатнинг фотосурати ҳам илова қилинган.

«Нарпай туман электр таъминоти корхонаси, «Ҳудудий электр тармоқлари»АЖ ва «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари» АЖ нинг 2021 йил 1 мартдаги №10-04/141-сонли хабарномасига асосан, тизимда қувват етишмаслиги сабабли, Нарпай туман ҳудудидаги истеъмолчиларга 2021 йил 15 мартга қадар, кечки ва эрталабки максимумда электр энергия таъминотида чеклов киритилиши ҳақида маълум қиламиз.

Нарпай туман электр таъминоти корхонаси электр энергия таъминотидаги узилишлар ва ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўрайди», дейилади Тоғаевнинг хатида.

Kun.uz ушбу билдиришнома ва унга илова қилинган хат юзасидан изоҳ олиш учун Нарпай туман электр тармоқлари корхонаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Мирзоҳид Тоғаев билан боғланди. Унинг айтишига қараганда унга №10-04/141-сонли хабарнома «Самарқанд электр тармоқлари корхонаси» АЖ диспетчерлари томонидан юборилган ва унда ҳокимият ҳамда маҳаллаларни огоҳлантириш сўралган. У берилган топшириқни бажарган ва ҳокимиятга хабарнома юборган. Ҳокимлик ахборот хизмати эса у юборган хабарни ҳокимликнинг расмий телеграм каналида эълон қилган. Ана шу жойигача ҳаммаси тўғри келяпти. Туман электр тармоқлари корхонаси бошлиғи вазифасини бажарувчи М.Тоғаев ва туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари ўз вазифасини бажаряпти. Аммо «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ва «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари» АЖ мутасаддилари бошқа фикрда.

Мазкур масалада бизни хатнинг чиқарилгани эмас, (зеро юқорида ўша хатнинг чиқарилиши ва аҳолининг огоҳлантирилиши тўғри иш бўлганини таъкидладик) балки нега тизимда қувват етишмаётгани, Нарпай туманида истеъмолчилар нега сурункасига 15 кун (!) эрталаб ва кечки пайт чироқсиз қолиши қизиқтирди. Бу ҳақда «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари» АЖ мутасаддиларига савол билан мурожаат қилдик. Афсуски, улар баҳор фасли келиб, кунлар анча исиб кетганига қарамасдан нега тизимда қувват етишмаётгани, Нарпай туманида истеъмолчилар нега сурункасига 15 кун (!) эрталаб ва кечки пайт чироқсиз қолиши керак, деган саволларга жавоб бериш ўрнига эътиборни ўша хатни туман ҳокимлигига юборган М.Тоғаевнинг хатти-ҳаракатига қаратишди. Жумладан, улар М.Тоғаев бундай хатни ошкор қилишга ҳаққи йўқлигини, у хатни ёзишда хатоликка йўл қўйганини бот-бот такрорлашди.