Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Ташморе»да сайёҳлар учун дам олиш маскани қурилади
Хитойнинг «LINYI INVESTMENT GROUP» компанияси раҳбари Чен Мин Чи Тошкент вилоятида 3та инвестиция лойиҳасини амалга оширишни режалаштирмоқда.
Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов Хитойнинг «LINYI INVESTMENT GROUP» компанияси раҳбари Чен Мин Чи билан учрашди.

Тошкент вилояти ҳокимияти ахборот хизмати маълумотига кўра, учрашувда 3та инвестиция лойиҳаси муҳокама қилинган.
Ўрта Чирчиқ тумани ҳудудида жойлашган, халқ тилида «Ташморе», яъни «Тошкент денгизи» деб аталувчи Туябўғиз сув омборининг 7 гектар майдонида маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар учун дам олиш маскани қурилиши режалаштирилган.
Мазкур лойиҳанинг биринчи босқичида 2,5 миллион доллар миқдорида инвестиция киритилиши кўзда тутилган бўлиб, 100га яқин иш ўрни яратилади.
Бундан ташқари, учрашув давомида Қибрай туманидаги 36 гектар боғда экотуризм лойиҳасини ишга тушириш муҳокама қилинган. Қибрай туманининг Чинобод ҳудудида амалга ошириладиган ушбу лойиҳанинг қиймати 1 миллион доллар миқдорида бўлиб, 50та иш ўрни яратилиши белгиланган.
Шунингдек, Юқори Чирчиқ туманида газобетон ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш юзасидан ҳам ўзаро келишиб олинган. Ушбу лойиҳа доирасида хитойлик инвесторнинг «Guding Invest» компанияси 6 миллион доллар инвестиция киритган ҳолда 2 гектар майдонда газобетон заводини ташкил этади.