PillCam (таблетка-камера) деб номланган митти қурилма икки сантиметрли капсула ҳамда видеокамера ва узаткичдан иборат бўлиб, ичаклар тасвирини бемор белига тақиб олган белбоққа қадалган приёмникка узатади.
Ундан Лондон университет коллежи (нафақат Британия, балки дунёнинг энг яхши ва қиммат олий ўқув юртларидан бири – таҳр.) ва Шотландиянинг бир неча тиббиёт муассасаларида фойдаланишмоқда. Ҳозир синовларда Англиянинг 40 ҳудудидан 11 минг пациент қатнашмоқда. Капсула танада 5-8 соат қолади ва ахлат билан бирга чиқиб кетади.
Жараён мутлақо зарарсиз ва оғриқсиз. Саратон ўсмаларидан ташқари капсула бошқа касалликлар, жумладан, Крон касаллигини аниқлашда ҳам қўл келади.
Янги усулга «капсулали эндоскопия» деб ном берилди. Ҳозирча эндоскопия клиник шароитларда оғриқсизлантириб олиб борилмоқда.

Капсулали эндоскопиядан олдин анъанавий эндоскопия каби ошқозонни сурги дори билан тозалаш, шунингдек, тиббиёт муассасасига икки марта бориш керак – қурилмани олиш ва уни тасвирлар билан қайтариб бериш учун.
«Илмий фантастика реалликка айланмоқда. Митти камера инсон танасида ҳаракатланади ва сониясига иккита тасвир олади», дейди Англия Соғлиқни сақлаш миллий хизмати раҳбари Саймон Стивенс.
«Тиббиёт келажаги уйга яқинроқ бўлади. Соғлиқни сақлаш миллий хизмати узоқни шундай кўряпти. Технологиялар ривожлана бориши билан текширувлар кўпроқ уйда қилинадиган бўлаверади», дейди Қироллик шифокорлар жамияти президенти Эндрю Годдард.
Коронавирус пандемияси тенденцияни тезлаштириб юборди
Соғлиқни сақлаш миллий хизмати онкология департаменти директори, профессор Питер Жонсоннинг айтишича, шифокорлар коронавирус туфайли клиник текширувлар камайгани боис саратонга чалиниш кўпайиб кетишидан чўчишмоқда.
Британиялик таниқли онколог профессор Мартин Маршалл янги метод синови натижаларини интиқлик билан кутаётганини маълум қилган. «Кўплаб инсонлар инвазив ташхислашдан қочишади, капсулали колоноскопия жараённи ноқулайликсиз амалга ошириш имконини беради», дейди у.
Британияда ичак ўсмаси саратоннинг ўлим билан якунланувчи турлари орасида иккинчи ўринда туради – йилига ўртача 16600 ўлим. Онкологик касалликларда эрта ташхис қўйиш жуда ҳам муҳим.








