Ўзбекистон | 10:38 / 17.03.2021
11878
3 дақиқада ўқилади

Эҳтиёжманд аҳолига 1 гектаргача ер участкалари берилади

Президентнинг “Қишлоқ хўжалигида эҳтиёжманд аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг деҳқончилик билан шуғулланиш учун “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган меҳнатга лаёқатли фуқаролар, ишсиз ёшларга давлат ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан янги ўзлаштирилган, лалми, қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларидан 0,1 гектардан 1 гектаргача ер участкаларини бериш тизимини кенг жорий этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланиши мумкин.

Белгиланишича, ҳудудларда аҳоли сони ва зичлигини инобатга олган ҳолда, аҳолига янги ўзлаштирилган, лалми ҳамда қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонлари оилали ва қишлоқ жойларда камида уч йил мобайнида яшаб турган эҳтиёжманд оилаларга деҳқон хўжалиги юритиш учун ер участкаси суғориладиган ерларда 0,35 гектаргача ва суғорилмайдиган (лалмикор) ерларда 0,5 гектаргача ўлчамда, чўл ва саҳро минтақасида эса суғорилмайдиган яйловлардан 1 гектаргача ўлчамда белгиланган тартибда берилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан биргаликда эҳтиёжманд аҳоли рўйхати ҳамда уларга деҳқончилик билан шуғулланиш учун ажратиладиган ер майдонлари тўғрисидаги маълумотларни шакллантириш чорасини кўради.

Сув хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, “Электртармоқлари” АЖ ҳудудий бўлимлари билан биргаликда ҳар бир туманда мавжуд эҳтиёжманд аҳолига деҳқончилик билан шуғулланиш учун ер майдонлари ажратиш мақсадида, қишлоқ хўжалиги фойдаланишидан чиққан ҳамда ер ости захира сувлари ҳисобидан ўзлаштириш имкони мавжуд бўлган ҳудудлар контурлар кесимидаги манзилли рўйхатини шакллантиради, амалга ошириладиган ишлар ҳажмлари ва талаб этиладиган маблағлар аниқ ҳисоб-китобини ишлаб чиқади ҳамда Вазирлар Маҳкамасига тақдим қилади.

Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан биргаликда эҳтиёжманд аҳолига берилган ерларни ўзлаштиришда (ер ҳайдаш, уруғ, кўчат харид қилиш ва бошқалар) харид қилиш учун Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси, маҳаллий бюджет, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан белгиланган тартибда 7 миллион сўмгача субсидиялар ажратиш амалиётини йўлга қўяди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид