Ўтган ойда ижтимоий тармоқларда «Шоввозсой» дам олиш маскани Ўзбекистон раҳбарияти учун қурилгани ҳақида тахминлар пайдо бўлган эди. Кўп ўтмай «Ўзбекистон темир йўллари» бу масала бўйича изоҳ бериб, хабар асоссиз ва нохолис эканини маълум қилди.

18 март куни шу ҳақдаги саволга жавоб берган президент Шавкат Мирзиёев бу маскан давлатга тегишли экани, мартабали ё Ўзбекистонга фойдаси тегадиган инсон келса, ўзи ҳам меҳмон билан боришини айтиб ўтди.

Шу ва бошқа мавзуларда биз билан суҳбатлашган Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди раиси Комил Алламжонов президентга унинг шахсиятига доир ижтимоий тармоқларда тарқалган масалалар юзасидан савол берилиши ва унинг очиқ мулоқот қилиши Ўзбекистонда сўз эркинлиги яна бир поғонага кўтарилишига хизмат қилишини таъкидлади.

Суҳбат давомида Комил Алламжоновдан ушбу масала юзасидан Ўзбекистон фуқароси ва президентнинг собиқ матбуот котиби сифатидаги мулоҳазалари ҳақида сўрадик.

«Президентимизнинг жавобларидан кейин бу масалага ўрин қолмади, деб ҳисоблайман. Биз ҳар доим ҳар қандай кўтарилган масалага зудлик билан ва тўғри жавоб бериш тарафдори бўлиб келганмиз. Самимийлик ва очиқлик фойда берса берадики, лекин зарар келтирмайди.

Ҳар доим бир фикр тарқалдими, иккинчи тарафнинг ҳам фикри билан қизиқиш керак. Энди бу масалада у томоннинг ҳам, бу томоннинг ҳам маълумотларини эшитиб, халқнинг ўзи хулоса чиқариб олади, деб ўйлайман. Энг асосийси, президентимизнинг ўзлари билан боғлиқ шахсий масалага ҳам очиқ юз билан жавоб беришларини мен яхши сигнал деб ҳисоблайман», – деди Комил Алламжонов.

– Аввалроқ «Ўзбекистон темир йўллари» ҳам шу масалада изоҳ берган эди. Сизнингча, ташкилотнинг жавобида президент Шавкат Мирзиёев берган изоҳларга тўғри келмайдиган ноаниқликлар кузатилмадими?

– Бу ҳолатларни мен ҳам Ўзбекистон фуқароси сифатида кузатиб бордим. Албатта, буни «Ўзбекистон темир йўллари» матбуот хизматининг пала-партиш ва ўйламай қилган иши деб ҳисоблайман. Уларнинг ёлғон маълумотлар бериши, ўша видеоларни тарқатиши қандай оқибатларга олиб келишини бугун матбуотда кўрдик.