Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тилини ривожлантириш департаменти «Ўзбекистон Республикасининг «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги қонунига ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси юзасидан ўз расмий муносабатини эълон қилди.
Департамент муносабатида қонун лойиҳаси, аввало, ўзбек тилининг замонавий технологиялар билан интеграциялашуви учун қулайлик яратиш нуқтайи назаридан шаклий ўзгаришларни назарда тутиши қайд этиб ўтилган. Шунингдек, ўзгартиришга асос бўлаётган сабабларга бирма-бир тўхталиб ўтилган.
«Қонун лойиҳаси билан миллий алифбодаги айрим мураккаб ҳарфларнинг ифодасида ўзгариш таклиф этилмоқда.

Амалдаги Ў ёки Ғ ҳарфларини ёзиш учун компьютер клавиатурасида 6 та (аввал О ёки Г, кейин: альт 0145) тугма босилади.
Туркий тилли оилага мансуб ўзбек тилида битта товушни англатувчи sh ва ch ҳарфлари учун иккита ҳарф белгиланган. Бу ҳеч бир туркий давлатлар амалиётида йўқ. Халқимиз тарихда фойдаланган араб, лотин, кирилл ёзувлари ҳам «бир товушга – бир ҳарф» тамойилига асосланган.
Натижада, биринчидан, алифбодаги ушбу ҳарфлар сабабли каттароқ ҳажмдаги матнни ўқиш ва ёзиш қийинлигича қолмоқда. Бу, ўз навбатида, мамлакатимизда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосининг оммалашишига салбий таъсир қилмоқда;
иккинчидан, лотин ёзувида ўқиган ёшлар орасида саводсизлик кучайиб, ёзма нутқда соддароқ белги («o‘» нинг ўрнига «6», «ch» нинг ўрнига «4», «sh» нинг ўрнига «w»)дан фойдаланиш авж олган;
учинчидан, миллий алифбодаги мураккабликлар туфайли кўпчилик битирувчи ёшлар меҳнат фаолиятини кирилл алифбосида давом эттиришга мажбур бўлмоқда;
тўртинчидан, алифбодаги мураккаб ҳарфлар туфайли ўзбек тилини «рақамлаштириш», интернет тилига айлантириш имкони бўлмаяпти ва ҳ.к», дейилади департамент муносабатида.
Шунингдек, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига тўлиқ ўтиш вазифаси белгилангани, бу миллий алифбони қулайлаштириб, максимал даражада соддалаштириш эҳтиёжини яратгани таъкидлаб ўтилган.








