Жаҳон | 13:20 / 30.03.2021
9432
2 дақиқада ўқилади

Тожикистонда авж олган болалар полиомиелити сабаблари маълум қилинди

Тожикистон ССВ вакили маълумотларига кўра, касалликнинг авж олишига ўз вақтида ўтказилмаган эмлаш ишлари ёки унинг йўқлиги сабаб бўлган.

Тожикистон соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлигининг санитария-эпидемиологик хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Наврўз Жафаров мамлакатда ўткир юқумли полиомиелит (болалардаги мия ярим фалажи) касаллиги авж олиш сабабларини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, касалликнинг авж олишига ўз вақтида ўтказилмаган эмлаш ишлари ёки унинг йўқлиги сабаб бўлган. Жафаров вирус кўпроқ эмланмаган болаларда учраётганини қайд этган.

Керакли эмлашларни ўз вақтида олиш учун мамлакатда юқумли касалликларга қарши миллий эмлаш тақвими мавжуд, деди мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили. Тақвимга киритилган эмлашлар болаларни туғилишидан олти ёшгача инфекциялардан ҳимоя қилади.

«Ўз вақтида эмланмаган болалар полиомиелит нишони ва мамлакат бўйлаб хавфли касаллик ташувчилари бўлишди», — деди Жафаров.

ССВ вакили бугунги кунда Тожикистонда шунга ўхшаш юқумли касалликлар авж олишига қарши курашиш стратегияси борлигини айтиб ўтган.

Аввалроқ Тожикистонда болалар полиомиелити авж олгани сабаб фавқулодда ҳолат эълон қилингани маълум қилинганди.

Мавзуга оид